«Акасининг таъзиясига келган». Ўш аэропортида Орозайим Нарматовани ушлаб кетишди

375
Орозайим Нарматова

Куч органлари «Бутун Кыргызстан» сиёсий партиясининг аъзоси Орозайим Нарматовани 10-сентябрда Ўш халқаро аэропортидан ушлаб кетишди. Бу ҳақда партиянинг матбуот хизмати билдирди.

«Бутун Кыргызстан»нинг аъзоси Улан Канат ўғли «Клооп»га хабар қилишича, Нарматовани тонгги соат 5:00 атрофида ушлаб кетишган. У Нарматовани ИИВнинг ходимлари қўлга олиб, Бишкекка машинада олиб кетгани ҳақида маълумот борлигини айтди. Шунингдек у фаолнинг ёнида адвокати йўқлигини таъкидлади.

«Ҳеч қандай жиноятга ёки бирор бир нарсаларга аралашиб, гумондор қатори ўтмаган. Бизнинг фикримизча биргина сиёсий сабаб — унинг айтган танқидлари шунга сабаб бўлган деб ўйлаймиз», — деди Канат ўғли.

Шунингдек, Канат ўғли Нарматова Ўшга акасининг жасадини олиб келиб, дафн қилгандан сўнг яна Россияга қайтаётганда қўлга олинганини қўшимча қилди.

ИИВнинг матбуот хизматидан бу ҳақдаги маълумот Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасида борлигини билдиришди. Ўш ШИИБдан уларнинг ходимлари Нарматовани қўлга олмаганини маълум қилишди. Шунингдек, миллий хавфсизлик давлат қўмидасидан Нарматовани ушланиши бўйича маълумот аниқланаётганини билдиришди.

«Бутун Кыргызстан»нинг вакиллари 10:00да Ўш ШИИБ биноси олдида норозилик акциясини ўтказади.

Орозайим Нарматова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳукуматнинг ҳаракатини фаол танқид қилади. 2020-йили ўтган парламент сайловига мухолифатнинг «Бутун Кыргызстан» партияси билан келган.

Унгача амалдаги президент Садир Жапаров тузган «Мекенчил» партиясининг тенг ҳуқуқли раисаси бўлган. Нарматова «Клооп»га берган интервьюсида унинг партиядан чиқиб кетишига бошқа аъзолар ўша вақтда президентликка номзод бўлган Сооронбай Жээнбековни қўллагани сабаб бўлганини айтган.

Шу йилнинг 8-июлида МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев «президент ва хизматдаги одамларни танқид қилганлар» жавобгарликка тортилишини билдирган. Ташиевнинг айтишича, ҳозирда жамоатчиликда «радикаллаштириш» бўлиб, давлат тўнтарилишига «ундаганлар» ҳам бор — МХДҚ уларнинг ҳаммасини «рўйхатга олмоқда» деган Ташиев.

«Ҳозир ўлкада ва чет давлатдагиларнинг ҳар бири ёзилиб, ҳар бирингизни рўйхатга оляпмиз. Ҳозир чет ўлкадагиларни бу ерга олиб келиш бўйича бошқа давлатлар билан шартнома тузилмоқда. Шу сабаб ҳурматли фуқаролар, тўхтатинглар! Жамиятни радикаллаштиришни, тўнтарилиш чиқаришни кераги йўқ. Бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин», — деб огоҳлантирди у.

Бироқ Ташиевнинг бу билдируви ижтимоий тармоқларда кескин танқид қилиниб, юристлар «давлат раҳбари номига айтилган негатив билдирувларни таҳлил қилиш МХДҚнинг иши эмас» дейишган.