«Қирғиз кўмир» давлат ишхонасига Мирлан Жакипов етакчи бўлиб тайинланди

363

«Қирғиз кўмир» давлат ишхонасининг етакчиси бўлиб Мирлан Жакипов тайинланди. Янги етакчини жамоатга Энергетика ва енгил саноат вазири Доскул Бекмурзаев таништирди. Бу ҳақда 8-сентябрда мазкур ишхонанинг матбуот хизмати маълум қилди.

Мирлан Жакипов бир ой олдин «Қирғиз кўмир» ишхонасига директор бўлиб тайинланган Марат Турдубаевнинг ўрнига келди. Марат Турдубаев эса ўз аризаси билан ишдан кетди.

Мирлан Жакипов ким?

51 ёшдаги Мирлан Жакипов Норин вилоятининг Жумгал туманида туғилган. У Қирғиз миллий университетининг юридика факультетини тамомлаган.

Жакипов 2014- йили «Қирғиз кўмир» ишхонаси етакчисининг биринчи ўринбосари, 2015-йили директор бўлиб тайинланган. Унга 2016-йили «35 миллион сомни ўзлаштирган» деган айб қўйилиб, ўша вақтдаги бош вазирнинг буйруғи билан 17- январда вақтинча ишдан четлатилган.

Мирлан Жакиповни жавобгарликка тортиш масаласи Жогорку Кенешнинг сессияларида ҳам кўтарилган. Бироқ Жакиповнинг айби судда исботланмай, суд иши ёпилган.

2020-йили Жакипов «Кыргызстан» партиясидан Жогорку Кенеш депутатлигига отланган.

«Қирғиз кўмир» ишхонасидаги коррупция

3-августда МХДҚ «Қирғиз кўмир» давлат ишхонасининг директори Канатбек Аширбаев билан «Кара-Кече» филиалининг ҳисобчисини коррупцияда гумон қилиб қўлга олган.

Махсус хизматнинг маълумоти бўйича, гумондорлар «Кара-Кече» конидан қазилган кўмирни сотишда мунтазам коррупция схемасини тузишган.

5-августда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Аширбаевни 3-октябргача махсус хизматнинг тергов қамоғига қамаш ҳақида қарор қабул қилган. Шундан сўнг давлат ишхонасига Балиқчи шаҳрининг собиқ мэри Марат Турдубаев етакчи бўлиб келган эди.

Муаллиф: Дилде Шатанова