Жалолобод вилоятининг Олабуқа туман суди ўзи уйида осинган 33 ёшдаги аёлнинг турмуш ўртоғини «Ўзини-ўзи ўлдиришга етказиш» ва «Оиладаги зўравонлик» моддалари бўйича айбдор деб топди. Бироқ айбланувчи уч йилга шартли кесилиб, 60 соатлик жамоат ишларига жалб қилинди. Ҳукм 28-июлда қабул қилиниб, Олий суднинг сайтида берилган.
Нима бўлган?
2020-йилнинг 23-сентябрида Олабуқа туман милициясига 33 ёшдаги аёл ўз уйида ўзини осгани бўйича маълумот тушган. Марҳумнинг яқинлари ўз кўрсатмасида унинг ўлимига «куёвининг зўравонлиги сабаб бўлганини» айтишган.
Тергов версияси бўйича, шу куни соат 21:00 атрофида айбланувчи аёлига «доим айтган сўзларимга қулоқ солмай, менга гап қайтарасан» ва «ўғил туғиб бермайсан» деб калтаклаган. Зўравонликдан кейин аёл ҳовлидаги узумнинг устунига ўзини осиб, вафот этган.
Эр-хотин 15 йилдан бери бирга яшаб, улар тўрт қизлик бўлишган. Ҳозирда қизлар бувисининг қўлида тарбияланишмоқда.
Суд мажлисида айбланувчи айбини қисман тан олди. Унинг айтишича, у аёли билан уришиб кетиб, «аччиқ устида бир марта юзига уриб юборган». Эртаси куни у аёлини осилган ҳолда топган.
Гувоҳ қатори сўроқ қилинган марҳумнинг холаси жияни ўғил туғмагани учун эри билан урушиб юрганини айтди. Шунингдек, аёл учинчи қизини туққанда турмуш ўртоғи туғруқхонага умуман бормаганини билдирди.
Бироқ марҳум «қизларини етим қилмайин деб ўлгунча чидаб яшаган» дейди марҳумнинг холаси. Шунингдек, гувоҳ айбланувчи «доим ароқ ичиб жанжал қилиб юрганини» қўшимча қилган.
«Соат 22:21 атрофида марҳум менга қўнғироқ қилиб, “келинг, қаттиқ калтаклади, кўзим кўрмай қолди” деган. Мен ўзим оғриётганим сабаб “яна ўша жанжаллардан бири” деб боролмадим, “қайнонангни чақир” дедим. Эртаси куни у ўзини осибди деб хабар келди», — деб хотирлади ўша кунни холаси.
Марҳумнинг акаси айбланувчи ароқ ичиб, тўполон қилганини ва марҳумни калтаклаб юрганини тасдиқлаган. Бироқ суд мажлисида айбланувчининг онаси билан қариндошлари бу маълумотни инкор қилишди.
Экспертиза айбланувчи марҳумнинг танасига енгил жароҳат етказганини аниқлаган. Олабуқа туман судининг судьяси Гулмира Тумаева айбланувчини «Ўзини-ўзи ўлдиришга етказиш» ва «оиладаги зўравонлик» моддалари билан айбдор деб топиб, айбланувчини 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқарди.
Шунингдек, судья судланувчига уч йиллик пробация назорати* қўллаб, суд залидан озод қилди.
*Пробация назорати — судланувчини тўғри йўлга солиш ва қайта ижтимоийлаштириш, юриш-туришини тузатиш, шунингдек уларнинг янги ҳуқуқ бузишларини олдини олиш мақсадида шахсий ишлаб чиқилувчи ва амалга оширилувчи ижтимоий-ҳуқуқий сифатдаги чоралар мажмуаси. Унинг бажарилишини пробация органи амалга оширади.
Пробация назорати нима дегани?
Пробация назорати жиноий ишлар қилган фуқароларга нормал ҳаётга қайтишига ёрдам бериш учун тузилган. Пробация назорати учун Жазони ижро этиш давлат хизматининг (ЖИДХ) ходимлари жавоб беради. Пробация назоратининг муддати — бир йилдан уч йилгача.
Агар судланган одам пробация дастурини муваффақиятли тугатса, унда у жазосини ўтаган бўлиб саналади. Агар у сабабсиз назорат талабларини икки марта (ёки ундан кўп) бузган бўлса, пробация органи судга мурожаат қилса бўлади — судланган одам қамоққа олиниши ёки суд унга тайинлаган бошқа жазони ўташи мумкин.
Агар судланган одам пробация муддатида жиноий иш ёки қоида бузарликка қўл урса, унда ужазоланади.
Қирғизистондаги оилавий зўравонлик
Қирғизистонда ҳар бир тўртинчи аёл оилавий зўравонликка учрайди. Ўлкадаги аёлларнинг 83% умрида йўқ деганда бир марта руҳий босим кўрсатишга, жисмоний ва жинсий зўравонликка учраган. Бунга Кризис марказлари ассоциациясининг таҳлиллари далил бўлади.
Шунингдек, оиладаги зўравонлик аёлларни ўлимига олиб келгани кам эмас. Ўлдирилган аёллар кўпроқ турмуш қурган эрлари ёки фуқаровий никоҳда яшаган одамлари қўлидан ажал топишган.
Қирғизистонда эркакларни ўлдирган аёллар оиладаги зўравонликдан ҳимояланган. Бироқ улар эрини ўлдириб қўйган бўлса, тергов билан судларнинг марҳаматидан умид қилмаса ҳам бўлади. кўп ҳолларда одам ўлдириш учун судланган аёллар эри ёки бирга яшаган одам томонидан калтакланганидан арз қилишган, бироқ суд бу фактни ҳисобга олмаган.