Қамчибек Ташиев МХДҚнинг Сузоқдаги янги биносининг очилишига қатнашди

398
Сурат: Ўткурбек Рахманов

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туман бўлими янги бинога кўчирилди. Очилиш маросимига махсус хизматнинг бошчиси Камчибек Ташиевнинг ўзи қатнашди.

Бу ҳақда Ташиевга қарашли «Регион» телекомпаниясининг директори Ўткурбек Рахманов 30-августда билдирди.

Рахмановнинг айтишича, Сузоқнинг МХДҚ бунгача «эскирган, ноқулай шароитда ишлаб келган». Янги бинода эса махсус хизматдагилар учун барча шароитлар бор ва техника томондан таъминланган.

«МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев ходимларга энди етарли шароит яратиб бериш ҳаракати давом этишини, яқин кунларда бир қанча туман бўлимларига янги бинолар берилишини билдирди», — деб ёзди Рахманов.

Шунингдек, Рахманов хабар қилишича, тадбирда Ташиев МХДҚнинг ходимларига шароит тузилганига яраша талаблар ҳам кучайтирилишини айтган.

Мазкур бино янги қурилганми ёки МХДҚга ўтказилганми — маълум қилмаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизматидан маълумотни 1-сентябрда аниқлаб беришларини айтишди.

Жалолободга қурилаётган хизмат уйи ва янги бино

Жорий йилнинг 13-июлида Жалолобод шаҳрида МХДҚнинг ходимлари учун 205 хонали хизмат уйининг қурилиши бошланган. Кўп қаватли турар-жойнинг қурилиши 2022-йилнинг охирида битирилиб, чегарачиларга ва кам таъминланган оилаларга берилиши маълум қилинган.

МХДҚнинг раиси уй давлат бюджети ҳисобидан эмас, ҳамдўстлик мамлакатларининг ёрдами билан қурилаётганини билдирди. Бироқ Ташиев ҳамкорлар аниқ ким эканини айтмаган.

2-июнда Ташиев махсус хизматнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси учун қурилаётган янги бинога капсула солган.

Мазкур бино Жалолобод шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашиб, 1,4 гектарни эгаллаган. Шунингдек, уч қават, икки блокдан иборат.

Биринчи блок маъмурий бино бўлиб, унда етакчининг, унинг ўринбосари ва ходимларнинг 77 хонаси жойлашади. Шунингдек, сан-узеллар, қурол-яроғ сақловчи жой, омбор ва архив бўлади. Иккинчи блокда мажлислар зали, ошхона ва фуқароларни қабул қилиш биноси жойлашади.

Бундан ташқари, «Альфа» бўлими учун бино, тир, яна бир қурол-яроғ сақлаш жойи, бильярд, душ, омбор, тергов учун бўлимлар, ТИЗО ва автотўхташ жойлари қурилади.

МХДҚнинг бошчиси муассасанинг янги биноси «100 млн сомга — ҳомий берган пулга қурилади» деган. У бош қурувчига қурилишни 1-декабргача битириш топшириғини берган.