«Пул олишга ҳаққингиз йўқ!» Ўш вилоят туғруқхона текширувга олинди

352
Сурат: Президентнинг Ўш вилоятидаги вакиллигининг матбуот хизмати

Президентнинг Ўш вилоятидаги вакилининг ўринбосари Данияр Жаникулов Ўш шаҳридаги Ўш вилоят туғруқхонасини 23-августда текширди. Унда ошхонанинг ҳолати ва касалхонанинг хўжалик иши танқид қилинди.

Жаникулов олдин туғруқхонанинг ошхонасини текширган. Бинонинг ҳолатини танқид қилиб, ҳар йили таъмирлаш ишларига ажратилган маблағдан «мақсадсиз фойдаланилаётганини» таъкидлади.

Бундан ташқари, Жаникулов ошхона ходимларидан овқатнинг бир кунлик менюсини сўраган вақтда у йўқлиги маълум бўлди. Шундан сўнг у бир кишига берилувчи овқатнинг порцияси нормадан оз бўлиши мумкин деб гумон қилиб, буни лабораторияда текшириш учун намуна олди.

Шунингдек, Жаникулов ошпаз олиб келган тушки овқат туққан аёлларнинг ҳаммасига «етмайди» деб тахмин қилди. Бироқ ходим «барча беморлар ҳам овқат ичмайди, сабаби қариндошлари олиб келган овқатни ейди» деб тушунтирди. Бироқ Жаникулов туғруқхонада ётган ҳар бир аёл ичса ичмаса кунлик овқат берилиши кераклигини билдирди.

«Касалхонада 90 аёл ётади деб, 90 аёлга овқат тайёрлаш учун ҳукуматдан пул оласизлар, бироқ “90 аёлдан 40таси ичмас экан” деб пулни қайтариб бермайсизлар-да, тўғрими? Мана “ҳаммаси” шу ерда», — деди Жаникулов.

Жаникулов вилоят туғруқхонасининг ҳовлисидаги тозаликни ҳам текширди. Рейд вақтида вилоят раҳбарининг ўринбосари чиқиндилар уйилиб ётганини ва уларнинг ёқимсиз ҳидига гувоҳ бўлди. Туғруқхона раҳбарияти чиқиндилар ҳафтада икки марта олинишини, энг зарарлилари хлор ва бошқа моддалар билан дезинфекция қилинишини айтди.

«Туғруқхона атрофидан тонгги 6да югуриб ўтаман. Доим ёқимсиз ҳид келиб туради. Яшовчилардан сўрасам, туғруқхонадан чиқаётганини айтишди», — деди Жаникулов.

Натижада Жаникулов ҳидни йўқ қилишни ва ҳовлидаги чиқиндиларни тозалашни ва ўсимлик ва қуриган ўсимликларни суғоришни топширди.

Сурат: Президентнинг Ўш вилоятидаги вакиллигининг матбуот хизмати

«Пул олишга ҳаққингиз йўқ!»

Жаникулов туғруқхонанинг ультра товуш билан текшириш (УЗИ) бўлимининг иши билан танишиб, ходим процедура учун айрим беморлардан пул олишига гувоҳ бўлди. Бироқ аппаратга тушгани келган аёлларнинг ҳаммасига ҳам квитанция берилмагани аниқланиб, бу амалдорни норози қилди.

«Сизни шу туришда олиб бориб қамаш керак. Сиз бухгалтерияга қандай ҳисоб беряпсиз? Сиз квитанция бериш учун ҳисобчи эмассизку! Пул олишга ҳаққингиз йўқ! Сизни вазифангиз келган аёлларни текшириш, пул олиш эмас. Бу квитанциялар бўйича жиноий иш қўзғаса бўлади» — деди Жаникулов.

Ходим мазкур туғруқхонанинг ўзини ҳисобчиси йўқ бўлгани учун Ўш вилоятлар аро бирлашган клиник касалхонасининг бухгалтерига ойига бир марта ҳисоб беришини айтди.

Беморларнинг бири бундай текширув билан ноқонуний пул олишни тўхтатиш мумкин эмас деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, туғруқхонага келган аёллардан албатта «пора» талаб қилишади.

«Минг текширсангизлар ҳам бўлмайди-да, қизиқ экансизлар. Ҳозир "роддом"га ётишнинг ўзи пул. Туққанига шунча пул, туққандан кейин бунча пул деб сўрашади. Сизлар ҳозир бир текшириб кетасизлар, шу бўйича тўхтамайди», — деди у.

Жаникуловнинг айтишича, вилоят раҳбарига келган 50 кишининг 20си тиббиёт тармоғида бўлган норозиликларни айтишади. Шу сабаб вилоят бошчиси Жамалдин Зиядинов туғруқхонани текширишга топшириқ берган.

«Биз бугун вилоят туғруқхонасининг хўжалик ишларини текшириб, 80% талабга жавоб бермаганига ишондик. Бу бўйича махсус анализ қилиниб, справка тайёрланиб, касалхонанинг тегишли етакчиларига чора кўрилади. Шунингдек, вилоятдаги барча касалхоналар махсус тузилган график билан текширилади», — деб билдирди у.

Данияр Жаникулов — президентнинг Ўш вилоятида вакилининг ўринбосари бўлиб 10-августда тайинланди. Бунгача у «Альянс-Алтын» компаниясида жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг раҳбари бўлиб ишлаган. 2011-йилдан 2014-йилгача «Ата-Журт» сиёсий партиясининг раис ўринбосари бўлган.