Министрлар кабинетининг бошчиси Улукбек Марипов 20-августда Россиянинг премьер-министри Михаил Мишустин билан қирғиз-рус муносабатларини муҳокама қилди. Бу ҳақда минкабнинг матбуот хизмати хабар қилди.
Марипов билан Мишустиннинг учрашуви Иссиқкўлда ўтаётган Евроосиё ҳукуматлар аро кенгашининг йиғини асосида бўлди. Ҳукумат раҳбарлари энергетика, транспорт ва енгил саноат тармоғидаги ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилишди.
Мариповнинг айтишича, ҳозирда Қирғизистон билан Россия ўртасидаги савдо-сотиқни қайта тиклашда ижобий динамика сезилмоқда.
«Биз шу йилнинг январь-июнь ойларида 1 млрд 5,5 млн долларни тузган ва ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 28,5%га кўпайган икки томонлама товар алмашишни бундан ҳам оширишга эътибор қаратиб, биргаликда фаол ишларни амалга оширишга тайёрмиз», — деб билдирди Марипов.
Шунингдек, Марипов қирғиз-рус тараққиёт жамғармасининг иқтисодий ишлари Қирғизистонга Россиядан янги инвестициялар келишига шароит яратади деб умид қилади. Мишустин ўз навбатида Россия Қирғизистон билан муносабатларини ривожлантиришдан манфаатдор эканини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, «Спутник Қирғизистон» нашрининг маълумотига кўра, шу учрашувда Мишустин Москва-Бишкек йўналиши бўйича мунтазам қатновларнинг сони ҳафтада 7 мартагача кўпайтирилишини айтган.
Қирғизистондан Россиянинг бир қанча шаҳарларига парвозлар қайта тикланади: Новосибирск, Красноярск, Қозон, Екатеринбург, Иркутск ва Грозний. Бу шаҳарларга ҳафтада бир марта учса бўлади.
Бундан ташқари, Мишустин Қирғизистонда расмий тил мақомига эга бўлган рус тили миллатлар аро бирдамликка ижобий таъсир қилаётганини қўшимча қилди.