15-августда «Толибон» ҳаракати Қобулга бостириб кириб, бутун Афғонистонни ўз назоратига олганини маълум қилди. Ўлканинг Ашраф Ғани «қон тўкилишига йўл бермаслик мақсадида Афғонистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Ҳозирда қирғизистонликларда «толиблар Қирғизистонга хавф солмайдими» деган савол пайдо бўлмоқда. Бу саволга жавоб бериш учун экспертларнинг фикрини бир жойга тўпладик.
«Қирғизистон учун хавф йўқ. Қочқинлар бўлиши мумкин. Бироқ улар оммавий турда Қирғизистонга қочиб ўтади деб айтолмайман. Сабаби географик ҳолат қочқинларнинг оммавий оқимига тўсқинлик қилади.
Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган Бирлашган миллатлар ташкилотининг йиғини бўлиши мумкин. Албатта, Афғонистондаги вазият жиддий. Толиблар мамлакатни бошқариб кетади деб ўйламайман. Уларда бундай тажриба йўқ. Ғани америкаликларнинг ёрдами билан бошқарди, хитойлар кўмаклашди. Ҳозир толиблар кимга таянади? [...] Улар энди Хитойга, Покистонга мурожаат қилади», — дейди хавфсизлик бўйича эксперт Мурат Бейшенов.
«Қирғизистонга қуролли ҳужум қилишга “Толиб”лар бекорчи эмас. Иккинчидан Марказий Осиёни афғон ислом амирлигига қўшамиз деган мақсади ҳам йўқ. Шу сабаб ҳужум қилади деган хавф йўқ. Бироқ “Ўзбекистон ислом ҳаракати”нинг кучи кетгани билан уларнинг одамлари бор. Тожикистонлик “толиблар” бор. Улар амалдаги расмий ҳукуматни қулатмоқчи бўлишади. Бундан ташқари, уларнинг сиёсатини қўллаган кучлар Қирғизистонда йўқ эмас. Улар демократия, Конституциядан бош тортиб халифалик ўрнатмоқчи. “Толибон”нинг ғалабаси уларни жонлантирди. Шунинг учун мамлакат диний сиёсатни мустаҳкамлаб, шу бўйича иш олиб бориши керак», — деган фикрда Дин ишлари бўйича комиссиянинг собиқ раиси Орозбек Молдалиев.
«Толиблар“суд қарори орқали одамларни тошбўрон қилиб, суд қарори орқали одамларнинг қўл-оёғини кесиб турамиз” дейди. Биз уларни аввалгидай толибонлар эмас, вақт ўтди, дунёни, халқаро жамоатчиликни ва қонунларни билиб қолган одамлар деб ўйлаётганмиз”. Бироқ улар аввалгидай ҳаракат қилишмоқда. Афғонистонда яна радикал ислом тиклана бошлайди.
Бироқ Қирғизистонда бундай нарса бўлади деб ўйламайман. МХДҚ яхши ишлаб, охирги йилларда кўп ҳаракатларни излаб топиб, нуқта қўймоқда. Бироқ Қирғизистонда “ухлаётган” ҳаракатнинг аъзолари борлигини инкор қилолмаймиз. Менинг фикримча, бирор бир ҳолат бўлади, бироқ жиддий бўлмайди», — дейди халқаро эксперт Афғонистонда икки йил ишлаган Нурбек Муктаров.
«“Толибон” охирги 20 йилда ўзгардими? Бу савол ҳозир ҳаммани хавотирга солса керак. Ҳозир бунга аниқ жавоб йўқ. Толиблар ўзлари ўзгарганини, кўп нарсани ўрганини кўрсатмоқчи. “Толибон” 2021 — бу 1998-2001-йиллардагидай эмас. Янги авлод, янги сиёсий-иқтисодий ҳолатга келди. Маълумот ва технологиянинг замони ўзгаришлар киритмоқда. Толибнинг фақат саводсиз “фанатлар” бошқаради деб ўйламаслик керак. Ҳаракатни ҳозир олий ўқув юртларини тамомлаган саводли одамлар бошқаради. Чет ўлкаларда билим олган ёш, янги кадрлар ҳам бор», — деган ўйда муфтийнинг собиқ ўринбосари, таниқли теолог Кадир Маликов.
«Бирор бир экстремистик кучлар шу вазиятдан фойдаланиб Баткендаги чегара масаласини жиддийлаштирамиз деса, биз бунга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларимиз, куч тизимлари шундай вариантларга ҳам тайёргарлик қилмоқда. Мен ўтган сафар Баткенга бориб келганман. Ҳарбийларнинг кайфияти яхши. Хавотирга асос йўқ. Афғонистондаги вазият шу ўлканинг ўзига тегишли. Фақат қочқинлар бўйича муаммо бўлиши мумкин. Улар ҳам Афғонистон билан чегарадош давлатларга келиши айтилмоқда. Бизга келадиган бўлса, тайёргарлик кўрамиз», — деди хавфсизлик кенгашининг котиби Марат Иманкулов.
*1999-йили Тожикистондан Баткен туманининг Зардоли қишлоғига кутилмаганда Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг 200га яқин жангариси кириб келган. Улар ўзбек президенти Ислом Каримовни қулатиш учун Қирғизистон чегараси орқали Ўзбекистонга ўтишни кўзлашган.
Улар Қирғизистоннинг бир қанча қишлоқларини босиб олиб, 20га яқин киши гаровга олинган. Бу воқеаларда расмий маълумот бўйича 54, норасмий маълумот бўйича 78 киши ҳалок бўлган. Баткен экстремистлардан деярлик икки ойда тозаланган.
«Толибон» радикал ислом ҳаракати
«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, уни 2016-йилдан бери Хибатулла Ахундзода бошқаради. Толиблар Афғонистонни 1996-йилдан 2001-йилгача бошқарган. Улар ҳукмрон бўлган даврда инсон ҳуқуқлари, айниқса аёлларнинг ҳуқуқлари топталган.
Афғонлар толиблар «шариат қонунларига таяниб фуқароларни суд ҳукмисиз ўзлари мустақил жазолайди» деб хавотирланишмоқда.
АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари 2001-йили Нью-Йоркда уч мингга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумлардан кейин Афғонистонга кирган — сабаби толиблар бу ҳужумни уюштиришга гумон қилинган «Аль-Қоида» ҳаракатига бошпана беришда айбланган.
Коалиция кучлари Афғонистонга киргандан кейин кўп ўтмай, толибларнинг ҳукумати қулаган. Бироқ шу йилнинг 1-майидан бошлаб АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳарбийларини Афғонистондан чиқара бошлаган. Шу сабаб «Толибон» яна кучайиб, 20 йиллик урушдан кейин ҳукуматни босиб олди.
«Толибон» жангарилари радикал ҳаракатлари билан эмас, бошқа террористик гуруҳларга алоқадорлиги билан ҳам маълум. «Толибон» Қирғизистонда тақиқланган ва террористик ташкилот деб топилган.