Ўш: Патрул милиционерларидан қочаётган ҳайдовчи йўл ҳалокатидан вафот этди

347

Ўш шаҳрида 16-августда патрул милиционерларининг машинани тўхтатиш талабига бўйсунмай қочиб кетаётган 39 ёшдаги ҳайдовчи йўл ҳалокатидан қазо бўлди. Ўш ШИИБи гувоҳларга таяниб ҳайдовчи «маст ҳолда бўлган» деб билдирди. ИИВнинг ички текширув хизмати милиционерларнинг ҳаракатини текшира бошлади.

Воқеа қандай бўлган?

ШИИБнинг матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, 16-августга ўтар кечаси милициянинг навбатчилик бўлимига шаҳарнинг СМУТТ ҳудудида номаълум киши маст ҳолда ўзининг «Дэу-Ласетти» машинасини ҳайдаб юргани ҳақида маълумот тушган.

Милициянинг патрул хизмати воқеа жойига борганда гувоҳлар «ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгандан кейин машинасига ўтириб номаълум томонга кетганини» айтишган.

Сидиков «патрул хизмати ҳалокатни олдини олиш мақсадида ҳайдовчини излай бошлаган» деди. Шунингдек, у патрул милиционерлари ҳайдовчини «қувмаганини» айтди.

«Ҳайдовчи патрул милиционерларига Жапалак қишлоғида учраган. Уларнинг тўхтатиш бўйича талабига бўйсунмай катта тезликда қочиб кетган. Кўп ўтмай Жапалак қишлоғидаги Качибек участкасининг Ташиев кўчасида жойлашган электр симёғочини, кейин яқин жойлашган уйнинг деворини бузиб тўхтаган», — деди у.

Фалокат натижасида ҳайдовчи Ўш шаҳар касалхонасига оғир аҳволда етказилган. Бироқ 16-августда тушдан кейин вафот этган.

ШИИБ воқеани «Йўл ҳалокати» деб қайд этиб, текшира бошлаган. Патрул милиционерларнинг ҳайдовчини қувиб-қувмаганини ИИВнинг ички текширув хизмати текширади. Шунингдек ҳайдовчини маст ёки соғлиғини аниқлаш учун экспертиза тайинланди.

Уч кишининг умрига зомин бўлган авто ҳалокат, ШИИБга норозилик

11.04.21 Сурат: Ўш ШИИБ

Шу йилнинг 11-апрелида Ўш — Новқат автойўлида Ўш ШИИБнинг ходимларидан қочиб кетаётган «Жигули» машинаси оғир юк ташувчи машина билан тўқнашиб, енгил машинанинг ҳайдовчиси ва икки йўловчи аёл ҳалок бўлган.

Унда милициядан «Жигули»да бўлганлар «Қароқчиликда» гумонланганини, патрул хизмати улардан машинани тўхтатишни талаб қилса ҳам бўйсунмагани учун қувганини билдиришган.

Бироқ марҳумларнинг яқинлари Ўш ШИИБнинг ходимлари «нотўғри маълумот тарқатди» деб, одамларнинг ҳаёти «милиционерлар машинани икки томондан қисганда тугади» деб айтишган.