Бишкек мэрияси Туркиядан 300дан ортиқ янги автобус сотиб олади

380

Мэриянинг матбуот хизмати Бишкекнинг шаҳар транспорт бошқармаси билан «Грин Бас» МЧЖ турклар томонидан ишлаб чиқарилган кўп ўринли автобусларни олиб келиш бўйича меморандумга қўл қўйганини билдирди.

Меморандум имзоланаётган вақт. Сурат: Бишкек мэриясининг матбуот хизмати

Мэриянинг маълумотига қараганда, 2021-2022 йиллар оралиғида шаҳарга 300-350 автобус олиб келиш режалаштирилмоқда.

«10-12 метрлик экологик томондан қулай автобусларнинг биринчи партияси ноябрнинг охиригача пойтахтга етказилади. Транспорт халқаро стандартларга ва имконияти чекланган йўловчиларга, барча талабларга тўлиқ жавоб беради», — деб маълум қилишди мэриядан.

«Грин Бас» ҳақида нималар маълум?

Юстиция вазирлигининг маълумотига кўра, «Грин Бас» МЧЖ «тижорий фаолият ва бошқарув масалалари бўйича консультация» қилади. Унинг икки асосчиси бор, компания шу йилнинг 30 мартида қайта рўйхатдан ўтган. Директор ва асосчилардан бири бўлиб Марат Алиев деган фуқаро кўрсатилган. Юстиция вазирлиги билдиришича, у «Лемар Групп» ва «Лемар Строй» қурилиш фирмаларининг директори бўлиб ҳам саналади.

Очиқ манбаларда у ҳақда маълумотлар йўқ ҳисобида. Фақатгина 2015 йили Алиев парламентнинг олтинчи чақирилишига «Ар-Намыс» партияси қаторида, рўйхатда 87-рақам билан боргани маълум. 2016 йили Алиев «Аалам» партияси билан Бишкек шаҳар кенгашига депутат бўлишига ҳаракат қилган. Рўйхатда бешинчи ўринда бўлган.

«Грин Бас»нинг иккинчи асосчиси адвокат Рустам Абдурауфов. У ҳам «АРАБИС Групп» адвокатлар коллегиясининг асосчиларидан бири бўлиб саналади.

Автобусларни сотиб олиш

Шаҳар мэрияси шаҳарда маршруткаларнинг ҳайдовчилари билан келишолмаётгани сабаб автобусларни сотиб олишни режалаштирмоқда. Охирги бир неча йилда маршрут таксиларнинг ҳайдовчилари бир неча марта иш ташлаб, 2012 йилдан бери ўзгармай келаётган йўл ҳақини оширишни талаб қилишган.

Бишкекда муниципал автобуслар билан троллейбуслар кам бўлгани сабаб улар миллионга яқин одам яшаган шаҳардаги йўловчиларга хизмат қилолмагани учун маршрут такси ҳайдовчиларнинг иш ташлаши ҳар доим транспорт коллапсига олиб келмоқда. Бундан ташқари, маршрут кичик автобуслар — экотранспорт эмас.

Мэрия троллейбус ва газ билан юрган автобусларнинг сонини кўпайтиришни,транспорт масаласини ҳал қилишни ягона йўли деб билади.

Бишкек мэри в.б собиқ Бактибек Кудайбергенов 27 июлда матбуот анжуманида шаҳарда 31 августга кўра Ўзбекистон ишлаб чиқарган ISUZU русумидаги янги 200 автобусни линияга чиқаришни режалаштираётганини билдирган.

«Июнда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ISUZU русумидаги 50 автобус линияга чиқди. Бу компания билан тузилган шартнома асосида автобус олиб келиш давом этади. Ҳозир 40га яқин автобус келди. 31 августда линияга 200 автобусни чиқаришни режалаштиряпмиз. 2023 йилгача газомоторли 1 минг машина келиши кутилмоқда», — деган у.

Кудайбергенов янги автобусларни сотиб олиш учун пойтахт мэрияси кредит ва грант олишини қўшимча қилган. Унинг айтишича, келаси йилга 350 автобус олиб келиш режалаштирилган. Собиқ мэр уларнинг орасида кўп ўринли, пандуслар ўрнатилган автобуслар ҳам борлигини билдирган эди.

«Бизда халқаро донорлар билан ҳамкорлик қилаётган муваффақиятли лойиҳалар бор. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Бишкекнинг муниципал жамоат транспорт системасини яхшилаш» лойиҳаси режалаштирилмоқда. Лойиҳа бўйича биз газ билан юрувчи автобусларни сотиб олишни ва автобус паркларини таъмирлашни режалаштиряпмиз», — деб таъкидлади амалдор.

*Шаҳар муниципалитети Европанинг тикланиш ва тараққиёт банкидан 33 млн евро олишни режалаштирмоқда, унинг 8 млни — грант, қолгани — кредит.

Бундан ташқари, Кудайбергеновнинг айтишича, Осий тараққиёт банкининг ёрдами билан «Шаҳар транспортини электрлаштириш» лойиҳаси ишга тушиш арафасида. Шу асосида ҳукумат 120дан ортиқ электробусларни ва қувватловчи инфраструктурани сотиб олади. Шунингдек, муниципал такси хизмати бўйича масалани кўриб чиқади.