Ўш шаҳрининг Жапалақ қишлоғининг юзлаган турғунлари 11 августда ҳудуддаги арматура чиқариш заводига бориб, митинг уюштиришди. Йиғилганлар заводдан чиққан тутун ҳавони, темир ювилган сув эса канални булғаётганидан норози бўлишди.
Уларнинг айтишича, завод экология талабларига жавоб бермай, маҳаллийларнинг соғлиғига зарар қилмоқда. Шу сабаб улар ишхонани ёпишни талаб қилишди.
Митингчиларни ёнига Ўшнинг мэри вазифасини бажарувчи Алмаз Мамбетов ва вице-мер Жасур Азимов боришди.
«Ҳозир булар сизларни [Ўш шаҳар мериясининг вакиллари] келади деб барчасини олдиндан тайёрлаб олишган, сабаби доим шундай. Доим тўполон қиламиз, икки-уч кун [завод] ўчади*, кейин яна шу ҳаёт», — деб билдирди йиғилган аёлларнинг бири.
*Арматура чиқариш заводи шу йилнинг февраль ойида вақтинча ёпилган эди. Унда ҳам Жапалакнинг турғунлари митинг уюштиришган. Уларнинг айтишича, завод янги мер вазифасини бажарувчи келгандан кейин фаолиятини бошлаган.
Шаҳар раҳбари Мамбетов турғунлар билан заводининг ичини айланиб, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, ишхона бошқа жойга кўчирилишини билдирди.
«Вақтинча қайта тўхтатайлик [заводни]. Тўхтатиб, заводни кўчиришга имкон берайлик деяпмиз», — деди Мамбетов.
Биринчи марта эмас
Ўш шаҳрининг экотехинспекция бошқармасининг бошчиси Бекжан Султангазиевнинг маълумотига кўра, 2019 йили завод экология талабларига жавоб бермагани сабаб унга жарима солиниб, иши тўхтатилган. Бироқ ишхона раҳбарияти маҳаллий турғунлар билан келишиб, заводнинг фаолияти қайта бошланган.
«Ҳавони булғагани бўйича буларга «фильтр қўйинглар» деб огоҳлантириш берилган экан. Булар фильтр ўрнатишган. Энди маҳаллийлар бизга ёзма равишда мурожаат қилса, биз яна Иқтисод вазирлигидан рухсат олиб, текширамиз», — деб билдирган Султангазиев.
Заводнинг директори Илгиз Капаров турғунларнинг айбловларини инкор қилиб, заводнинг иши «қонуний» эканини билдирган. Унинг фикрича, «тутунни аҳолига зарари тегмайди», шунингдек заводдан чиққан сувнинг таркибида «зарарли модда йўқ».
Мазкур завод Капаровнинг шахси ер участкасида жойлашган. Турғунларнинг айтишича, у 6 йил олдин очилган.
Бироқ собиқ мэр Таалайбек Сарибашов заводнинг фаолиятини текширадиган махсус комиссия тузиб, ишхонанинг ишини вақтинча тўхтатган.