Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажараётган Таалайбек Сарибашов ўз истаги билан ишдан кетди. Бу ҳақда 12-августда маслаҳатчиси Азамат Абсаттаров фейсбук саҳифасига Сарибашовнинг видео мурожаатини жойлагандан кейин маълум бўлди. Сарибашов ишдан кетишида ҳеч қандай «сиёсат» йўқлигини таъкидлади.
«Хизматни топширишимда ҳеч қандай сиёсат йўқ. Айрим сабабларга кўра шахсан ўзимнинг қарорим бўлди. Мақсадим мамлакатга, халққа хизмат қилиш. Ҳали кўп хизмат қиламан. Пойтахтимизни ривожлантирамиз деган кўплаган режаларим бор эди [...] Бу ҳақда яна маълум қиламан. Мени Бишкекнинг мэрлигига ишонган президент Садир Нуркожоевичга миннатдорчилик билдираман», — деган Сарибашов.
Таалайбек Сарибашов 2021-йилнинг 2-августида Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланган. Тегишли буйруққа министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов 2-августда қўл қўйган.
Таалайбек Сарибашов ким?
Таалайбек Сарибашов — Ўш шаҳар мэри бўлиб 2018-йилнинг июлида сайланган. У олдин 2008-йили Олай туман кенгашининг депутати, тўрт йилдан кейин Олай тумани ҳокими бўлиб ишлаган. 2015-йилдан бошлаб шаҳар раҳбарлигига келгунча ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили бўлиб ишлаган.
Жорий йилнинг март ойида Сарибашовнинг Бишкек шаҳрида қурилаётган уйи муҳокама қилинган. У Бишкек шаҳрида уч қаватли уй қуряпти деган видео 6-мартда тарқалган. Видеонинг муаллифи уйни кўрсатиб, «Райимбек Матраимовнинг уйи ҳеч нарса эмас экан деб изоҳ берган. Бундан ташқари, муаллиф уй Сарибашовнинг опасини номида эканини айтган.
Бироқ, Ўш шаҳар мэриясидан бу ҳашаматли уйнинг Сарибашовга алоқаси йўқлигини билдиришган. Шунингдек, ўтган йилнинг декабрида ҳам Сарибашовнинг Ўш вилоятининг Олай туманидаги уйи муҳокама қилинган. Бироқ мэр Гулчў қишлоғидаги уй отасиники эканини ва уни ака-укалар биргалашиб қуришганини айтган.