Савай қишлоқ ҳукуматининг собиқ бошчиси Мунарбек Сайпидиновга қўзғалган иш қисқартирилди

205

Ўш шаҳар суди 21 июлда Савай қишлоқ ҳукуматининг собиқ раҳбари Мунарбек Сайпидиновнинг ишини «муддати ўтгани сабаб» қисқартирди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилоят судининг матбуот котиби Айпери Туратбек қизи билдирди.

Сайпидинов шу йилнинг 12 январида «Лавозимни суиистеъмол қилишда» гумонланиб қўлга олинган. МХДҚнинг маълумотига кўра, Сайпидинов «айрим масъул шахслар билан биргаликда Қорасув туманига қарашли Савай қишлоғидаги мактабнинг спорт зали сифатсиз қурилишига қарамай, фойдаланишга берган ва уни қуришда ишнинг ҳажмини 1 млн сомга ортиқ кўрсатган».

*Давлат сотиб олишлар порталида Савай қишлоқ ҳукумати 2016 йилнинг сентябрь ойида Савай қишлоғига спорт зал қуришга танлов эълон қилинганини кўриш мумкин. Танловда 5 млн 942 минг сомга «МК Партнер» МЧЖ ғолиб бўлган.

Савайнинг собиқ раҳбари қўлга олингандан кейин давлатга 1 млн сомдан ортиқ маблағ тўлаб, уй қамоғига чиққан. Бу орада Сайпидинов ишдан четлатилган.

Сайпидинов қўлга олингунча махсус хизмат «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга иштирок этиш» моддаси билан қўзғалган жиноий иш асосида унинг уйида тинтув ўтказган. Сайпидинов бу иш бўйича гувоҳ қатори сўроқ қилинмоқда.

Мунарбек Сайпидинов — божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг вакили боласи. У Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукумати раҳбарлигига 2016 йили тайинланган.

* Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқарилган 700 млн доллардан ортиқ маблағи ҳақидаги журналистик суриштирувининг асосий фигурантларидан бири. Шунингдек журналистлар собиқ божхоначининг расмий даромадига тўғри келмаган бойликларини ҳам очиб беришган. Матраимов октябрдаги тўнтарилишдан кейин божхонадаги «Коррупцияда» айбланиб, бюджетга 2 млрд сом тўккандан кейин 260 минг сом жарима солинган.

Сайпидинов иш кабинетига вакил отаси Райимбек Матраимовнинг суратини илиб олгани билан жамоатчилик эсида қолган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Сайпидиновнинг Дубайдаги таътили вақтида олинган видеоларни бўлишиб, қизғин муҳокама қилишган.

Интернет фойдаланувчилари қишлоқ ҳукумати раҳбари видеодаги ҳаракатлари билан давлат ходимларининг этикасини бузган деб ҳисоблашган.

Шунингдек, Сайпидиновнинг мазкур ҳаракати бўйича ҳукумат аппарати томонидан тузилган махсус комиссия хизмат этикасига мос келмагани сабаб махсус огоҳлантириш берган.

Райимбек Матраимов «Жиноий даромадларни легаллаштиришда» гумонланиб, МХДҚ томонидан қўлга олингандан кейин Сайпидинов бир қанча депутатлар ва Матраимовнинг яқинлари билан бирга Ўш шаҳрининг марказий майдонида митинг уюштирган. Улар собиқ божхоначини бўшатишни талаб қилишган.