Инфаркт. Мелис Аспеков касалхонага тушди

Фуқаровий фаол Мелис Аспеков ТИЗО-1дан миллий кардиология марказига ётқизилди. У 9 августда юрак хуружига учраган.

Унинг укаси Азамат Аспековнинг айтишича, акасига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

«Жазо ўташ хизмати ходимларининг эътиборсизлиги бўлди. Уч кун олдин қўлларим ишламаяпти, ўзимни ёмон ҳис қиляпман деб мурожаат қилган. Ёш шифокор қизни киритиб, аҳволи яхши дейишган. Ҳозир ҳушсиз, кома ҳолида ётибди», — деб билдирди фаолнинг укаси.

Бунгача ижтимоий тармоқларда фуқаровий фаол касалхонага ётқизилгани бўйича видео тарқалган. Унда миллий марказнинг навбатчи шифокори инфаркт 9 августда бўлганини, беморнинг аҳволи оғирлигини тушунтирган.

Аспековнинг иши

Фаол Мелис Аспеков «Қирғиз темир йўли» раҳбариятидан 250 минг доллар пора олишда гумонланиб 2021 йилнинг январида қўлга олинган.

Тергов версияси бўйича, Аспеков яна бир фаол Улан Жураев билан ишхона раҳбариятини финпол томонидан текширув юборамиз, «Қирғиз темир йўли»га қарши митинг уюштирамиз деб йирик миқдорда пул талаб қилишган.

Бу воқеадан кейин ўша вақтда президентликка номзод бўлиб турган Садир Жапаров Аспековнинг қамалишида фикр билдириб, «ҳар ким қилган иши учун жавоб бериши керак» деб билдирган.

Шундан сўнг жорий йилнинг май ойида Аспеков Садир Жапаров сайлов кампаниясига собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ва унинг укаси Асилбек Жээнбековдан 10 млн доллар олган деб маълумот тарқатган. Аспековнинг хати унинг фейсбук саҳифасида чиқарилган.

Кейин Жээнбековлар обрўсини ҳимоя қилиш учун судга ариза берган. Бироқ Аламудун туман суди ариза қирғизча ёзилмагани учун даъвогарларга қайтариб берган.

12 майда фейсбукда МХДҚнинг ТИЗОсидан Аспековнинг номидан дейилган мурожаат пайдо бўлган. Унда МХДҚнинг коррупцияга қарши хизмати ходимлари уни уч ой давомида қийнаб, финполнинг собиқ раҳбари Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма беришни талаб қилишгани айтилган. Билдирувда Аспековнинг танасидаги кўкарган доғлар кўрсатилган суратлар ҳам бор.

МХДҚ 14 майда қийноқлар ҳақидаги маълумотни инкор қилиб, бу маълумотни «жамоатчиликни чалғитиш ҳаракати деб баҳолашларини» билдирган.

24 майда МХДҚ Аспековга нисбатан яна бир жиноий иш қўзғаган. Терговнинг версияси бўйича, Аспеков Б.Л. исмли аёлнинг қариндошини қамоқдан чиқаришга ваъда бериб, фирибгарлик билан 15 минг доллар олган.