МХДҚнинг матбуот хизмати «Айчурўк» дўконида портловчи мослама қўйилган деб ёлғон маълумот қолдирган гумондор қўлга олинганини билдирди.
Махсус хизматнинг маълумотига кўра, 1994 йили туғилган Г.З.А. исмли қирғизистонлик ГУМ савдо марказидан янги сим-карта сотиб олиб, шу орқали милицияга ЦУМ «Айчурўк» савдо марказига бомба қўйилиб одамлар гаровда эканини билдирган.
«Терроризм акти ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш» моддаси бўйича судгача текширув бошланди. Бу ишга алоқаси бор бошқа одамлар ёки ташкилотчилар қидирилмоқда.
Дастлабки маълумот бўйича, бу жиноятга гумондорнинг собиқ турмуш ўртоғи урушиб кетгани сабаб бўлган — у ЦУМда савдо майдонини ижарага олиб ишлатади.
МХДҚ билдиришича, «айрим фуқароларнинг мана шундай масъулиятсиз ва ўйламай қилган ҳаракатлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг кучи билан маблағларини уларнинг ўлкада хавфсизликни ва тартибни таъминлаш бўйича вазифаларини бажаришдан чалғитади».
Бунгача хавфсизлик қўмитаси портлаш ёки ўт қўйишга тайёрланиш ҳақида атайлаб ёлғон маълумотлар тарқатганларга 180 соатдан 240 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 5 мингдан 30 минггача жарима солиш жазоси кўрсатилгани ҳақида огоҳлантирган
Шунингдек, бундай қонунбузарлик учун бир йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиб ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилса бўлади.
Қандай воқеа бўлган эди?
9 август куни кечга яқин милиция ходимлари Бишкекдаги ЦУМнинг биносини қуршовга олган. Универмагнинг ходимлари билан харидорлар эвакуацияланган. Расмий маълумот йўқлиги сабаб бу орада воқеани бир қанча версияси айтилган.
Масалан, Vesti.kg нашри ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидаги ўз манбаларига таяниб, номаълум икки аёл бинонинг ҳожатхонасида ёш болаларни гаровга олганини ёзган. Бошқа маълумотларда бинога бомба қўйилгани айтилган.
Кейин милиция хизмати уларга ЦУМда «қора ниқоб тақиб, қўлига халта кўтарган шубҳали аёл юрибди» деган маълумот тушганини айтган.
Милиция ходимлари бинони тўлиқ текшириб, гумондорни ҳам, буюмни ҳам топмаган. Тахминан соат 18:10да савдо марказининг ходимлари бинога киритила бошлаган.
Кейин милиция ЦУМнинг олдида жойлашган ГУМнинг биносини қуршовга олган. Бироқ 18:38да милиция хизмати ГУМда бомба қўйилгани ҳақида маълумот тасдиқланмаганини билдириб, қуршов бекор қилинган.