Орхан Инандининг қўлига Туркия қамоғида операция қилинди

309
Орхан Инанди

Туркиянинг махсус разведка хизмати томонидан Қирғизистондан ўғирланган «Сапат» билим бериш муассасасининг асосчиси Орхан Инандининг қўли Туркия қамоғида операция қилинди. Бу ҳақда «Азаттык»қа Инандининг адвокати Халил Ибрагим Йилмаз билдирди.

Адвокатнинг айтишича, Инанди Қирғизистондан ўғирланган вақтда қўлини синдиришган. Ҳозирда операциядан кейин ўзига келмоқда.

Бунгача Инандининг аёли Рейхан Инанди эри қийноққа олиниб, «ўнг қўли шишиб кетганини» твиттерга ёзган эди.

«Ўнг қўли шишиб кетган, таянчсиз юролмайди. Эримни аввал одамлардай қилиб қийнашгани кўриниб турибди», — деб ёзган у.

Бундан ташқари, Йилмаз Инандига қўзғалган жиноий иш билан танишаётганини, прокуратура уни 22 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраётганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, биринчи суд мажлиси 16-cентябрга белгиланган.

Орхан Инандининг ўғирланиши

Орхан Инанди шу йилнинг 31-майида Бишкекдаги ўзи яшаган уйи яқинидан ўғирланган. У деярлик бир ой бедарак бўлиб, кейин 6-июлда Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоган Инанди террорчиларга қарши операция асосида ўлкага олиб келинганини билдирган.

Унинг айтишича, Туркиянинг миллий разведка хизмати (МРХ) «террористик ташкилотнинг юқори мансабдор аъзосини» ушлаб, Туркияга олиб келган. Шунингдек, у махсус операция асосида Туркияга 100дан ортиқ одам келтирилганини билдирган.

Қирғизистон ҳукумати Эрдоганнинг билдирувига 6 июль куни муносабат билдирган. Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Ахмет Садик Доганга нота топшириб, қирғиз фуқаросини қайтаришга чақирган.

Элчи бунга жавоб қилиб, Инанди Туркниянинг фуқароси эканини айтган. Шунингдек, Туркия томон мазкур операцияни Қирғизистон ўтказилганини айтмаганини таъкидлаган.

Кейинчалик Инандининг адвокати Халил Ибрагим Йилмаз мижозининг кўрсатмасига таяниб, у Бишкекда қирғиз миллатидаги уч киши томонидан ўғирланганини айтган.

Йилмазнинг айтишича, Инандини 1-июнга ўтар кечаси ўғирлаган одамлар унинг кўзларини боғлаб, машина билан беш-олти соатлик йўл билан номаълум томонга олиб боришган. Эртаси куни у учоқ орқали Туркияга етказилган.

Туркиянинг ОАВлари Инанди «ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги менежери эканини тан олди» деган маълумотлар тарқатишган. Бироқ Инандининг адвокати Инанди ўзини Қирғизистондаги фаолияти ҳақида айтиб берганини билдириб, айбини тан олмаганини айтган.