Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ премьер-министр Темир Сариевни 30 сентябргача МХДҚнинг тергов қамоғига киритди.
«Бугун Темир Аргембаевичга [Сариевга] хабар берилди, унга «Коррупция» моддаси билан айб қўйилди. Биз бу айбдан норозимиз, сабаби тергов органларида ҳеч қандай далилий ашёлар йўқ», — деди сиёсатчининг адвокати Тимур Султанов.
Сариевнинг адвокати Биринчи май туман судининг қароридан норози эканини билдириб, Бишкек шаҳар судига шикоят қилишини қўшимча қилди.
Миллий хавфсизлик давлат хизмати Темир Сариевни «Қумтўр иши»нинг асосида 3 августда қўлга олган. Махсус хизматнинг версияси бўйича, Сариев иқтисод вазири ва «Қумтўр Голд Компанинин» фаолиятини текширган давлат комиссиясининг раиси бўлган вақтда ишхона томонидан экологияга келтирилган зарарнинг миқдорини бир неча миллиард сомга қисқартирган.
«Қумтўр иши» бўйича қўлга олинганлар
МХДҚ раиси Камчибек Ташиев 17 майда Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.
Уларнинг бири «Кумтор Голд Компани» ишхонаси экология талабларини сақламагани бўйича. Қолган уч иш олтин қазувчи компания билан шартномалар тузган, солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилган, шунингдек «Кумтор Голд Компани»га текширув олиб бориш учун қўшимча ер участкаларни берган Қирғизистоннинг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғалган.
Бу иш асосида биринчилардан бўлиб собиқ ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев қўлга олинган. У «Коррупция» ва «Ноқонуний бойишда» гумон қилинмоқда.
31 майда «Қумтўр иши» бўйича олдин собиқ премьер-министр Ўмурбек Бабанов, депутатлар Асилбек Жеэнбеков ва Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов ва Талантбек Узакбаев ушланган.
Кейинчалик махсус хизмат собиқ вице-премьер Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Қирғизпатент»нинг бошчиси Динара Молдошевани қўлга олган. Амалдорлар «Коррупцияга» гумонланиб, Молдошевадан бошқаси икки ойга қамоққа олинган.
Сарпашев ва Пирматов тергов билан келишишга рози бўлиб, ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан бўшатилган. Собиқ премьер Бабанов эса соғлиғи сабаб бўшатилиб, чет ўлкага даволанишга кетган.
29 июлда Биринчи май туман суди собиқ депутат Талантбек Узакбаевни «Коррупцияда» айбдор деб топиб, унга 300 минг сом жарима солган. Узакбаев суд мажлисида айбини тан олиб, бошқа айбланувчиларга қарши кўрсатма берган.
Бундан ташқари, махсус хизмат Қирғизистоннинг қочқин президентлари Курманбек Бакиев билан Аскар Акаевни қидирувга берган. Шунингдек, қидирув Бакиевнинг ўғли Максимга ва конни ишлатиш шартномасига алоқадор бир қанча амалдорларга эълон қилинган.
2 августда Аскар Акаев Қирғизистонга келиб, МХДҚда сўроқ қилинган. Собиқ президент сўроқдан чиққандан кейин «Қумтўр» масаласи бўйича кўрсатма бериш учун бир ҳафтага келганини, иш билан янги танишганини айтган.