«Ўшга мэр бўлишни президент тавсия қилди». Алмаз Мамбетов нималар ҳақида айтиб берди?

202
Алмаз Мамбетов. Сурат: «Клооп»

Ўш шаҳри мэри вазифасини бажарувчи Алмаз Мамбетов 2-августда муниципалитетнинг жамоасига таништирилиб, у журналистларга интервью берди. Мамбетов бу хизматга вақтинча келганини айтгани билан Ўш шаҳар мэрлигига номзодини қўйишини айтди.

«[Шаҳар кенгашининг] депутатлари қўлласа, номзодимни қўяман. Мен ўйлайманки бирга ишлаймиз», — деди Мамбетов.

Янги шаҳар раҳбари мэриянинг амалга ошираётган лойиҳалари охирига етказилишига ишонтирди. Журналистларнинг Оқбура дарёсининг четини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга боғлиқ саволларига Мамбетов лойиҳа билан тўлиқ танишмаганини айтди.

«Мен ҳозир [лойиҳа] билан тўлиқ танишмадим, бироқ шундай проектлар борлигини биламан. Бу лойиҳаларни албатта давом эттириши керак [...] тўхтамаслиги керак, сабаби кутиб, мухтож бўлган лойиҳалар», — деди Мамбетов.

*Ўшнинг Оқбура дарёсини 5,4 чақирим четини кўкаламзорлаштириш лойиҳасига шаҳар бюджетдан 252 млн сом ажратилган — унинг 60 млн соми 2020-йили ажратилди. Лойиҳага кўра, Оқбура четидаги ноқонуний қурилишлар олиниб, тротуар, велойўл, одамлар ўтиши учун кўприклар, тунги чироқлар ва дам олиш жойлари қурилади.

Шунингдек Мамбетов унга Ўш шаҳрига мэр бўлиб боришни президент Садир Жапаров таклиф қилганини айтди.

«Мен бу таклифни инкор қилолмадим. Сабаби Ўш шаҳри иккинчи пойтахтимиз, бу ерда жуда катта масъулият бор. У давлатнинг асосий шаҳарларининг бири. Менинг келишим балки тўғридир», — деди у.

Мамбетов ижтимоий тармоқларда хизматга тайинланиши кузда бўладиган парламент сайлови билан боғлиқ деган гапларга изоҳ берди. Мамбетов «ё ёки бу партияга ён босмай», сайловни тоза ўтказиш кераклигини билдирди.

«Мени мэр сифатида мақсадим шу — сайловни тоза ўтказиш. Олдингидай овоз сотиб олишларни йўқ қилиш, объектив, тоза [ўтказиш]. Қайси партия келмасин, қайси номзод депутат бўлмасин — шу сайловда тозаси келсин. Сайловни тоза ўтказайлик», — деди Мамбетов.

Суҳбатнинг охирида Мамбетов Ўш шаҳрини тоза сув билан таъминлашдаги масала ҳал қилинишини, бироқ қандай ҳаракатлар кўрилишини очиқламади.

Алмаз Мамбетов Ўш шаҳри мэри вазифасини бажарувчи бўлиб тайинлангани 1-августда маълум бўлди. Ўшнинг собиқ мэри Таалайбек Сарибашов Бишкек шаҳрига мэр бўлиб тайинланиши мумкин деган гаплар айтилмоқда.