Депутатлар фейклар бўйича баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилди

211

28 июлда депутат Гулшат Асилбаеванинг «Ёлғон ва аниқ бўлмаган маълумотдан ҳимоя қилиш ҳақидаги» шов-шувли қонун лойиҳаси парламент томонидан қайта овозга қўйилиб қабул қилинди.

Қонун лойиҳасини қабул қилишга 97 депутат «маъқул» деб овоз берди, беш халқ вакили «қарши» эканини билдирди. Энди қонун кучга кириши учун президент қўл қўйиши керак.

Унга кўра, агар интернетда ёлғон маълумот тарқатилса суднинг қарорисиз фойдаланувчининг шахси ошкор қилиниб, сайтларнинг иши тўхтатилади.

Қонун лойиҳасига овоз беришнинг протоколи. Сурат: Дастан Бекешев.

Депутатлар «Ёлғон ва аниқ бўлмаган маълумотдан ҳимоя қилиш ҳақидаги» баҳсли қонун лойиҳасини президент Садир Жапаров билан давлат резиденцияда норасмий учрашувидан кейин қабул қилишди.

«Чойлашиш зое кетмабди, ҳамкасбларимни кўндирибди», — деб изоҳлади Бекешев.

Депутат Жанар Акаев ҳам президент билан чойлашишга бормаган ва қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Жапаровнинг халқ вакилларини қабул қилиши «давлат коррупция» деб атади.

«Эртага депутатлар президентнинг сайлов ҳақидаги қонунини қабул қилиши керак, бугун бир дастурхонда овқатланишади. Буни қандай тушунса бўлади? Мен кеча давлат раҳбари билан учрашиб, қабул қилишга келмаслигимни айтганман. Бу тадбирга артистлар чақирилибди, йилқи сўйилар экан. Кимнинг пулига ўтказилмоқда?» — деб билдирган Акаев.

Таъкидлаб ўтувчи ҳолат шундаки, мазкур қонун лойиҳасини муҳокамаси кун тартибига кирмаган. 30 июнда депутатлар шу қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши овоз беришган. Аниқроғи, инкор қилган эди. Регламент бўйича депутатлар бу ҳужжатни қайта овозга қўйишга ҳаққи йўқ.

Бироқ, 28 июль куни кечда бир қанча депутатлар қонун лойиҳасини қайтадан овозга қўйиш таклифини киритишди. Уларнинг орасида қонун лойиҳасининг ташаббусчиси Гулшат Асилбаева ҳам бор. Уларнинг айтишича, 30 июндаги овоз беришда айрим депутатларнинг ҳуқуқи бузилган.

«Регламент бўйича қайта овоз беришга қўйса бўлади. Спикерга ёзма равишда мурожаат бўлган. Овоз бериш вақтида депутатларнинг ҳуқуқи бузилган. Қонун лойиҳаси инкор қилинган деб айтиш нотўғри. Биз қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилганмиз, у президентга имзолашга юборилган. Биз келишилган вариантнигина муҳокама қилганмиз, ҳозир шу вариантини қараймиз. Агар келишилган варианти иккинчи марта ўтмаса, унда қонун лойиҳаси президентнинг қарши фикри билан қайтариб берилгунча, Жогорку Кенеш томонидан уч ўқишда қабул қилинган биринчи редакцияси қабул қилинади», — деб билдирди Асилбаева.

Депутат Дастан Бекешев эса шу куни регламент тартиби бузилмаганини таъкидлади.

«Бундай қилманглар, президент айтиб қўйса тушунмай қолдик, нотўғри овоз бердик деб айтасизлар. Катта одамларсизлар-ку. Лойиҳа қабул қилинмаган. Регламент бўйича 6 ойдан кейин янги чақирилиш кўриб чиқади», — деди у.

Мазкур қонун лойиҳаси ўтмай қолганда, шу куни депутатлардан қайта овоз беришни сўрашган — унда Бекешев бундай илтимос билан депутатларга президент маъмуриятининг вакили ўзи мурожаат қилганини билдирган. Бироқ илтимос амалга ошмаган.

Қонун лойиҳасининг тарихи

«Ёлғон ва аниқ бўлмаган маълумотдан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонун лойиҳаси — бу «Маълумотни манипуляцилаш ҳақидаги» баҳсли қонуннинг қайта ишлаб чиқилган варианти. Қонун лойиҳасини бир йил олдин ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбеков тўлиқлаб, қайтадан ишлаб чиқиш учун ортга қайтарган.

«Маълумотни манипуляцилаш ҳақидаги» баҳсли қонун лойиҳасини депутатлар Гулшат Асилбаева билан Айнура Осмонова таклиф қилган. Бироқ кўпроқ Асилбаевага тегишли деб турғунларга сингиб қолган, сабаби у қонун лойиҳасини ҳимоя қилиб, танқид қилган фойдаланувчиларни «фейклар ва троллар» деб атаган.

Президент қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишга юборгандан кейин унутилиб қолган, бироқ 31 майда қонун лойиҳасининг келишилган вариантини ишлаб чиқиш учун келишув гуруҳини тузишган.

Қонун лойиҳаси нима ҳақда?

Қонун лойиҳасида Қирғизистоннинг барча сайтлари билан ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари ҳақида маълумот тўплаган бирор бир ягона идентификациялаш системасини тузиш ҳақида ёзилган. Ҳужжатда бундай базани қайси давлат органи тузиши, ким таъминлаши ва ким молиялаши кўрсатилмаган.

Шунингдек, бирор бир «ваколатли орган» интернет-провайдерлар, сайт эгалари ва сайтларнинг саҳифалари орқали барча анонимли фойдаланувчиларни идентификациядан ўтказиши керак. Ўз номига ёлғон, аниқланмаган маълумот тарқатилган жисмоний шахслар билан юридик шахслар ҳам шу «ваколатли органга» мурожаат қила олади.

Қонун лойиҳасида «ваколатли органга» суд қарорини кутмай истаган интернет-сайтнинг ишини тўхтатишга ҳуқуқ бериш меъёри ёзилган.