Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармаси етакчисининг ўринбосари Қадир Маликов ўз истаги билан ишдан кетди. Бу ҳақда Маликов Фейсбукдаги саҳифасида билдирди.
«Яқинда муфтиятдан кетишга қарор қилдим. Бор кучимни маънавий-маърифат ва илмий-ўқитувчиликка бағишлайман», — деди у.
Уни ишдан кетганини «Клооп»га муфтиятнинг матбуот бўлими бошчиси Максат Атабаев тасдиқлади. Бироқ унинг ариза ёзганини «соғлиги билан боғлиқ» деб тушунтирди.
«Ҳозирда у даволанаётган экан. 26 июлда Қадир Маликовнинг аризаси кўриб чиқилиб, муфтийнинг ўринбосарини ишдан бўшатиш қарори қабул қилинди», — деб билдирди у.
Атабаев ҳозирча Маликовнинг ўрнига ким тайинланиши ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлаб, қарорни Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармаси раҳбарияти қабул қилишини айтди.
Теолог Қадир Маликов Қирғизистон муфтийининг ўринбосари бўлиб 2020 йилнинг 21 августида тайинланган.
Қадир Маликов 49 ёшда. У 2005 йили Испанияда «Complutense de Madrid» университетининг махсус курсида малака ошириб, икки йилдан кейин Испаниянинг «Autonoma» университетида докторлик даражасига эга бўлган.
Маликов 2017 йилдан бошлаб Қирғизистон мусулмонларининг уламолар кенгашининг аъзоси, президентнинг экспертлар кенгаши аъзоси, «Дин, ҳуқуқ ва сиёсат» мустақил аналитика илмий марказининг директори бўлиб ишлаган.
Муаллиф: Найзабек Мукамбетов