Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистондан келган 200 автобус қатновга чиқади — Бишкек мэрияси

241

Бишкек мэрияси ўлканинг мустақиллик куни муносабати билан 200 янги автобусни қатновга чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 27-июлдаги матбуот анжуманида пойтахт мэри вазифасини бажарувчи Бактибек Кудайбергенов билдирди.

Унинг айтишича, Бишкекка Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ISUZU автобуслари олиб келинади. Ҳозир шу русумдаги 50 автобус шаҳар ичида йўловчи ташиётганини ҳам эслатиб ўтди.

«Бугунги кунда 40 машина келди. 31-августда мэрия 200 автобусни қатновга чиқаришни режалаштирмоқда. 2023-йилгача газмоторлари бор 1000 машина келиши кутилмоқда», — деб билдирди Кудайбергенов.

У 2022-йилда 350 автобус олиб келиш режалаштирилаётганини, уларнинг орасида имконияти чекланганлар учун пандуслари бор кўп ўринлари автобуслар ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Бизда халқаро донорлар билан ишлаётган самарали лойиҳалар бор. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан “Бишкекнинг муниципал жамоат транспорт системасини яхшилаш” лойиҳаси режалаштирилмоқда. Лойиҳа бўйича биз газ билан юрувчи автобусларни сотиб олишни ва автобус паркларини таъмирлашни кўзлаяпмиз», — деб таъкидлади амалдор.

Бундан ташқари, Кудайбергеновнинг айтишича, Осиё тараққиёт банкининг ёрдами билан «Шаҳар транспортларини электрлаштириш» лойиҳаси ишга тушиш арафасида. Шу асосида ҳукумат электробусларни сотиб олади ва муниципал такси хизмати бўйича масалани ишлаб чиқади.

Янги автобусларни сотиб олишни мэрия маршрут ҳайдовчиларининг навбатдаги иш ташлаши вақтида режалаштирган эди. Унда маршрутка ҳайдовчилари йўл ҳақини қимматлатиш талаби билан қатновга чиқмаган.

Ҳайдовчиларнинг беш кунлик норозилигидан кейин шаҳар турғунлари транспортсиз қолган. Масалани ҳал қилиш учун Бишкек мэрияси янги автобусларни сотиб олиб, автопаркларни кенгайтиришга қарор қилган.

Материални тайёрлаган: Жанил Умуралиева.