Давлат ипотекасини 4% устама билан берувчи уй-жой дастури ишга кирди

271

«Менинг уйим 2021–2026» турар-жой дастури 25-июлдан бошлаб расмий турда ишга кирди. Унинг асосида давлат ипотека миқдори 4%гача камайтирилиб, турар-жойларни молиялашнинг муддати 25 йилгача узайтирилди.

Давлат ипотека компаниясининг (ДИК) матбуот котиби Жилдиз Бекбаева «Клооп»га билдиришича, энди дастлабки тўлов ҳам олинмайди. Насияга уй олгиси келган фуқаролар ДИКнинг сайти орқали мурожаат жўната олишади.

«Дастурнинг талабига кўра, билдирув тўлдирган одамнинг ишлаган ерига қараб уй берилади. Бизнинг мутахассислар келган ҳар бир билдирувни диққан билан текширади. Сабаби, дастурнинг асосий мақсади уйсизларни уй билан таъминлаш», — деди у.

Бекбаева, янги дастурга хусусий секторда ишлаган фуқаролар ҳам қатнаша олишини таъкидлади. Бекбаеванинг айтишича, ДИКнинг ўзини турар-жой фонди тузилиб, кўп қаватли уйлар қурилади. Квартиралар кўп йиллик муддатга насияга берилиб, кейин хусусийлаштирилади.

«Асосий қурилишлар шаҳарларда ва ҳудудларда бўлади. дастурнинг яна бир мақсади ҳудудларга уйларни қуриш билан фуқароларни ҳудудларда ушлаб туриш, ички миграцияни тўхтатиш бўлиб ҳисобланади. Жой-жойларда ишлаётган ёшларни уй билан таъминлаб, уларга шароит яратиб бериш керак», — деб таъкидлади у.

Бекбаева ногирон бўлган ёки кам таъминланган фуқароларга ипотекага уй олиш учун қўшимча имтиёзлар берилишини билдирди.

Давлат ипотека компаниясининг 2015-йилдан 2020-йилгача бўлган биринчи босқичида 5240 одам уй билан таъминланган. Ҳозир уй олиш учун 10 мингга яқин одам мурожаат юбориб, навбатда турибди.

25-майда давлат ипотека компаниясининг (ДИК) раисаси Аида Тўлўгўнова «Менинг уйим 2021-2026» ипотека дастури билан таништириб, дастурнинг моддий манбаси халқаро донорлар эканини тушунтирган. Бундан ташқари, давлат бюджетидан пул ажратилиб, маблағнинг қолган қисми қимматбаҳо қоғозларни сотиш орқали жалб қилиниши хабар қилинган.

«Қулай турар-жой 2015-2020»

2015-йили «Қулай турар-жой 2015-2020» дастури қабул қилиниб, ҳукумат буни амалга оширишни Давлат ипотека компаниясига топшириб, лойиҳани амалга оширишга 3,3 млрд сом ажратилгани айтилган.

ДИК дастури асосида тижорий банклар билан шартнома тузилиб, фуқароларга камайтирилган фоизлар билан ипотека насияларини берган. «Қулай турар-жой» орқали ипотека насияларини олган биринчи мижозлар 12-14% билан олишган.

Фоизларни камайтириш учун ҳукумат 2019-йилнинг май ойигача Давлат ипотека компаниясига 4,8 млрд сом ажратган. Бу вақт оралиғида 12-14%дан 7-9%гача тушган. Бора-бора ипотека насияларнинг фоизи камайиб, 2019-йилнинг 1-ноябридан бошлаб 6-8% билан берила бошлаган.

Пандемия сабаб пайдо бўлган ишсизлик фуқароларнинг кўпчилигига муаммо яратди. Давлат ипотека компанияси насия олувчиларни қўллаш мақсадида тўловлар муддатини узайтириб беришни таклиф қилгани билан насия олувчилар ипотекани тўлашга имкони йўқлигини айтган.

2019-йилнинг 23-декабрида бир гуруҳ фуқаролар ипотека насиясининг фоизини камайтириб беришни илтимос қилиб митингга чиқишган. Шунингдек улар ҳукуматга хат юборишган. ДИКнинг маълумотига кўра, пандемия вақтида ишхона 1 мингга яқин насияларнинг муддатини узайтирган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов