Иссиқкўл вилоятининг Чирпити қишлоғида 21-июль куни Lexus-470 ва Mitsubishi русумидаги машиналар тўқнашиб, беш киши ҳалок бўлди. Ҳалокатда жабрланган яна беш киши ҳудудий касалхонага етказилган.
Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасининг матбуот котиби Тилек Исаев «Клооп»га воқеа Балиқчи — Ананьево — Қоракўл автойўлининг 35-чақиримида бўлганини билдирди.
«Йўл ҳалокати ғарбдан шарқ томон кетаётганда Чирпикти қишлоғининг чиқиш томонида 22-июлга ўтар кечаси содир бўлган. Икки машинанинг ичида ҳам бештадан одам бўлган. Mitsubishi русумидаги машинанинг ичидаги одамларнинг ҳаммаси воқеа бўлган жойда ҳалок бўлишган. Lexus-470 русумидаги машинанинг ичидаги одамлар турли жароҳатлар билан ҳудудий касалхонага етказилган», — деди матбуот котиби.
Исаев ҳозирда воқеа Жиноятларнинг ягона реестрига рўйхатга олиниб, судгача текширув бошланиб, тегишли экспертизалар тайинланганини қўшимча қилди.
11-июлда Ўш вилоятининг Олай туманидаги Ўш — Сари-Таш — Эркештам автойўлининг 70-чақиримида Lexus-570 ва Toyota Corolla машиналари тўқнашиб, икки киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, уч киши жабрланиб, касалхонага етказилган.
Йўл ҳалокатлари кўпайгани сабаб президент Садир Жапаров 14-июнда ИИВга йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича чоралар комплексини кучайтиришни топширган.
У фуқароларни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни, ҳайдовчиларга йўлда эҳтиёт бўлишга, пиёдалар билан йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини ҳурмат қилишга чақирган.