«Вакцинациялаш бўйича директорларда ҳаракат йўқ». Аравон ҳокимининг ўринбосарига огоҳлантириш берилади

276

Ижтимоий тармоқларда Аравон тумани ҳокимининг ўринбосари Музаффар Мамасаидовга тегишли дейилган аудио тарқалди. Унда эҳтимол Мамасаидов коронавирусга қарши эмлаш бўйича иш олиб бормаган директорлар билан «хайрлашиш кераклигини» айтган.

«Мактаб директорлари давлат сиёсатини тушунмаса улар билан хайрлашиш керак. Бу ҳаммамизнинг ишимиз. Бизга халқимизнинг соғлиғи керак. Ҳар бир директор бўйича анализ алоҳида бўлади. Давлат маъмуриятининг саломини етказиб қўйинг», — деб Мамасаидовнинг овозига ўхшаган одам айтган.

Музаффар Мамасаидов «Клооп»га аудио «қандай тарқалганини билмайман» деди. Бу овоз уники эканини тасдиқлаб, бироқ гап ўзгартирилганини билдирди.

«Мен фақат вакцина олишга ундадим. Аҳолининг соғлиғини ўйлаяпман. Директор, ўқитувчиларнинг ҳаммаси болалар билан алоқада бўлишади. Шу сабаб улар вакцина олиши керак деб ўйлайман. Бари бир халқ билан ишлагани сабаб вакцина олса яхши бўлади», — деди у.

Шунингдек, Мамасаидов вакцина олмаганлар «ишдан ҳайдалмайди» деб ишонтирди.

«Ишдан кетмайди. Нима диктатормидим? Халқни ўйлаяпман [...] Вакцина олманглар деганларга қаршиман. Агар олмайдиган бўлса эълон қилмай олмай қўяверсин», — деб сўзини якунлади ҳокимнинг ўринбосари.

Ўш вилоятининг бошчиси Жарасул Абдураимов «Клооп»га «давлат сиёсатини қўлламаса хайрлашиш керак» деган ҳокимнинг ўринбосарига «лавозимни суиистеъмол қилгани учун» огоҳлантириш берилишини айтди.

«Вакцина олиш ҳақида айтгани тўғри эмас. Ўзимиз ва бошқаларнинг соғлиғи учун ҳар биримиз эмланишимиз керак. Мактаб директорларини «ишдан бўшатаман» деб вакцина олишга мажбурлагани тўғри эмас», — деди у.

Аҳолини эмлашни тезлаштириш топшириғи

Президент Садир Жапаров 12 июлда маъмуриятнинг, Министрлар кабинетининг, вазирликлар билан муассасаларнинг, вилоятлардаги мухтор вакилликларнинг, туман давлат маъмуриятларининг ва қишлоқ ҳукуматларининг етакчиларига ўз ходимларини тўлиқ эмлашдан ўтказишни таъминлашни топширган.

Унинг орасига Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги билан Фан ва таълим вазирликлари киради. 29 июнда ССВ ўлканинг тиббиёт ходимларини мажбурий равишда эмлашдан ўтказиш бўйича буйруқ чиқарган.

Давлат раҳбарининг топшириғидан кейин ўлкада коронавирусга қарши эмлаш пунктларининг сони кўпайтирилган — улар поликлиникаларда, мактабларда, бозорларда, гипермаркетларда, майдончаларда ва аҳоли кўп йиғилган боғларда ҳам бор.

Бу орада Иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров 24 июнда министрлар кабинетининг йиғинида давлат ходимларига улар вакцина олмагунча маош тўламасликни таклиф қилган.

Бироқ соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев аҳолини, уларнинг орасида давлат ходимларини ҳам вакцина олишга ҳеч ким мажбурламаслигини билдирган. Унинг айтишича, давлат муассасаларининг ходимларидан бошқаларга намуна бўлиш учун вакцина олишни сўрашмоқда.

Қирғизистонда ҳозирда Хитойдан «Синофарм» ва Россиянинг «Спутник-В» вакцинаси бор. Улар 18 ёшдан катта фуқароларга бепул қилинмоқда. Ўлкада 20 июлга кўра умумий 362 минг 821 одам эмланди. Уларнинг 97 минг 599 вакцинанинг икки дозасини, 264 минг 767си биринчи дозасини олди.