Лайлак: Маҳаллий аҳоли сел оқизган ўсмирнинг жасадини топди

Боткен вилоятининг Лайлак туманининг бир неча қишлоқларида 19-июль куни сел юриб, унинг оқибатида 16 ёшли бола ҳалок бўлган. Унинг жасадини маҳаллий аҳоли топган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Лайлак туманидаги сел тошқни кучли ёмғир оқибатида юз берган. Вазирлик маълумотларига кўра, Оқ-Терек қишлоғида юз берган тошқинда 25 та уйни, шунингдек, мактаб, болалар боғчаси ва масжид ҳовлиларини сув босган.

Шунингдек, Козу-Баглан, Қатран, Лайлак, Тоғуз-Булоқ, Ойкўл, Голбо ва Чимген қишлоқларидаги   ҳовлилар, ариқлар, кўприклар ва йўллар зарар кўрган.

Матбуот хизмати 20 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Боткен вилояти бошқармаси ходимлари воқеа жойида иш олиб бораётганини билдирди.

Аввалроқ 12-июлда Жалолобод вилоятининг Ақси туманида ҳам сел келган. Унинг оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган.