Ўшда беш партия қайта сайловнинг натижасини тан олгани йўқ

204
11 июль, 2021 йил. Навбат кутиб турган сайловчилар. Сурат: Зарина Маматжанова/Kloop

Ўшда уч партия шаҳар кенгашига ўтган қайта сайлов натижасини бекор қилишни талаб қилиб 13 июлда ҲСКга ариза берди. Бу ҳақда «Клооп»га раис Урмат Аттокуров билдирди.

Унинг айтишича, аризани «Бутун Кыргызстан», «Улуу-Журт» ва сайловдан четлатилган «Ынтымак» партиялари берган. Улар бир овоздан сайловда овоз сотиб олиш, маъмурий ресурс, ноқонуний ташвиқот олиб бориш каби қонунбузарликлар бўлганини айтиб, сайлов натижасини бекор қилишни талаб қилишган.

«Материални ҲСКнинг аъзолари йиғинда кўриб чиқишади. Бу ариза кеча келди, ундан олдин тушунтириш ҳам бор. Навбати билан қараймиз», — деди Аттокуров.

«Бутун Кыргызстан» партиясидан номзод бўлган Улан Канат ўғли бу сайловда аввалгисига нисбатан овоз сотиб олишда гумонланиб қўлга олинган аниқ номзодлар борлигини таъкидлади — у бунинг ўзи «сайлов тоза ўтмаганини кўрсатади» дейди.

“«Ынтымак» четлашга мажбур бўлди, «Бир бол»нинг номзодлари ҳам қўлга олинди. «Улуттар Биримдиги»нинг ташвиқотчиси ташвиқот ишлари тўхтаган куни ушланган. «Ата-Журт Кыргызстан»нинг ҳам Ўн-адирдаги номзоди ушланган деган маълумот бор. Уни ўзаро гаплашиб битириб қўйди деб ўйлаяпмиз. Бизнинг талаб адолат учун барча партияларга «Ынтымак»дай чора кўриш керак», — деди у.

Номзод бир хил чора кўриш кейинги сайловлар учун «сабоқ бўлади» деган фикрда.

«Улуу-Журт» партиясининг вакили Мирлан Орозбаев эндиги ҳаракатлар биргаликда йиғилган беш партия — ариза берган учтаси билан бирга «Нур», «Келечек-Будущее» партиялари олиб боришини билдирди.

«Сайловда қонунбузарликлар кўп бўлди. Ҳар бир партияда далиллар бор. Текширса кўрсатиб берамиз. Президент Садир Жапаров Ўшнинг мерига сайловни тоза ўтказиш бўйича топшириқ берган эди. Буни бажарган йўқ», — деди Орозбаев «Азаттык»қа берган интервьюсида.

11 июлда ўтган шаҳар кенгашига Ўшда саккиз партия қатнашди. Дастлабки натижа бўйича «Ата-Журт Кыргызстан», «Биздин Кыргызстан», «Улуттар Биримдиги» ва «Бир бол» партиялари ғолиб бўлган.

Сайловдан кейин Ўш ШИИБи бу сафарги ўтгандагига нисбатан уч марта кам қонунбузарлик қайд этилганини айтди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда ва ОАВларида овоз сотиб олиш, ноқонуний ташвиқот олиб бориш, сайловчиларни оммавий сотиб олиш фактлари бўйича маълумотлар тез-тез берилиб турди.