Миллий хавфсизлик давлат хизматининг раиси Камчибек Ташиев 8 июлдаги матбуот анжуманида қочқин президентлар Аскар Акаев билан Курманбек Бакиевга қидирув эълон қилинганини билдирди.
Ташиев тушунтиришича, Акаевга МХДҚ текшираётган «Қумтўр»га боғлиқ жиноий иш асосида қидирув эълон қилинди. Акаевни қидириш 1992-1994 йиллари Канаданинг «Камеко» компанияси билан тузилган шартномага боғлиқ.
Курманбек Бакиев ва унинг ўғли Максим, Ташиевнинг айтишича, 2009 йили тузилган шартнома сабаб қидирилмоқда.
Қочқин президент Аскар Акаев Қирғизистонни 1991-2005 йиллари бошқарган. У 2005 йили «лола инқилоби»дан кейин давлатдан чиқиб кетган.
Яна бир қочқин президент — Курманбек Бакиевнинг ҳукумати 2010 йили қулатилган. Унда ўлкадаги коррупциядан норози бўлган минглаган қирғизистонликлар майдонга чиққан. Коррупциянинг бошида Бакиевнинг яқин одамлари турган, масалан унинг ўғли Максим Бакиев.
Бундан ташқари, 2010 йилдаги революция Бакиевнинг буйруғи билан тинч аҳоли ўлдирилиши билан тарихда қолган.
Акаевни қандай изласа бўлади?
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Аскар Акаев ҳозирда Россиянинг пойтахти Москва шаҳрида яшайди. Масалан, 2021 йилнинг 6 июлида у Москва-Санкт Петербург поездига чиққан. Бунга Юрий Челбаков номли фойдаланувчининг сурати далил бўла олади.
Қирғизистондан чиқиб кетгандан кейин Аскар Акаев илмий ишларга қайтган. Шахсий сайтида Акаев ўзини «катта олим, ҳақиқий гуманистик ва демократик кўз қарашдаги одам» сифатида тасвирлайди.
Шунингдек, Россиянинг Олий иқтисод мактабининг расмий сайтида Акаев ижтимоий-сиёсий дестабилизация хавфларини мониторинг қилувчи илмий-ўқув лабораториясининг илмий етакчиси қатори кўрсатилган. Бу лаборатория турли давлатлардаги ўзгаришларни, «сиёсий жараёнларни» қандай олдини олса бўлиши ҳақида мониторинг қилиб, уларни сиёсий томондан кучайишини тахмин қилади — эҳтимол гап Аскар Акаевга яхши таниш митинг, тўнтарилишлар ҳақида бўлса керак.
Бундан ташқари, Акаевни Москванинг ғарбидаги элитали тумандан — Рубльёвкадан изласа бўлади. Акаевларнинг бу саройи ҳақида 2020 йили маълум бўлган. Унда «Проект» нашри қочқин президентнинг ўғли Айдар Акаев умумий майдони ярим гектар, баҳоси 63 млн рубль бўлган уйда истиқомат қилади деб ёзган.
Курманбек Бакиевни қаердан изласа бўлади?
Курманбек Бакиев Белорусга жойлашганига 10 йил бўлди — у оиласи билан 2010 йили ҳукуматдан қулатилгандан кейин чиқиб кетган.
Белорусга унинг бошқа қариндошлари ҳам чиқиб кетишган — собиқ давлат раҳбарининг акасини ўғли Асилбек Салиев билан набираси — Марат Бакиевнинг ўғли — Руслан Бакиев.
Курманбек Бакиев олдин президентнинг «Плавно» резиденциясида яшаган, кейин Минск шаҳридаги элитали тумани «Дрозди»га кўчиб кетган. 2017 йили Минскнинг «Лебяжий» туманида уй қургани маълум бўлган.
2020 йилнинг июлида Лукашенко Бакиевга 70 сотих ерни «умрбод эгалик қилиш учун мерос қатори» бергани маълум бўлган — бу «Заславл-2» президент резиденциясидан унча узоқ бўлмаган ҳудуддаги 45 сотих ва ўртадаги 25 сотих ер.
Максим Бакиевни қаердан изласа бўлади?
Максим Бакиевни Буюк Британия ҳудудидан изласа бўлади. Суррей графтлигида унинг беш миллион долларлик уйи бор. Ўу ҳудудда Максим жиу-жицу билан шуғулланади — 2019 йили Лондон чемпионатида ғолиб бўлган. У мусобақага Суррей ҳудудидаги спорт клуби номидан — Макс Бакаев деган ном билан қатнашган.