Туркия разведкаси томонидан Қирғизистоннинг ҳудудидан ўғирлангани маълум бўлган «Сапат» билим бериш муассасасининг асосчиси Орхан Инандининг аёли Рейхан Инанди «Азаттык»қа интервью берди.
«Туркиядан топилгани кутилмаган ҳолат бўлди»
Рейхан Инанди эрининг Туркиядан топилгани кутилмаган ҳолат бўлганини айтди. У Орхан Инанди йўқолганда қирғиз амалдорлари ҳам, ИИВ ҳам уни «чет ўлкага чиқмаганини» айтиб ишонтиришган деб билдирди.
«Улар «биз барча чет давлатларини қарадик, бироқ чиқмади» деганда мен «у албатта Қирғизистоннинг ичида» деб ўйладим. Унинг Туркиядан чиққани кутилмаган вазият бўлди. Инандини қачон қандай қилиб олиб кетгани бўйича хабаримиз йўқ», — дейди у.
Инандининг аёли турмуш ўртоғининг эълон қилинган суратларидан қандай азоб чекканини кўрса бўлади деди. Шунингдек у Инанди 10 килограммга озиб, коронавирус билан оғриган вақтдаги ҳолатига тушиб қолганини айтади.
«У қишда коронавирус билан қаттиқ оғриган эди. Ҳозир касалхонадан чиққан ҳолатига тушиб қолибди, соқоли ўсиб, озган, «қўли синди» деб айтишяпти, кайфияти йўқ. Шундай муносабатга дуч келганда. Одамнинг суратини кўрсангиз биласизда, Орхан домланинг Қирғизистондаги суратлари билан Туркиядаги суратларини солиштиринг [унинг қандайлигини] ўзингиз тушунасиз», — деди Инанди.
«Орхан домланинг умиди ўчди»
Орхан Инанди 26 йилдан бери оиласи билан Қирғизистонда яшаган. Аёли «Инанди» деган сўз туркчадан таржима қилганда «ишонди» деган маънони англатишини айтиб, «Орхан Қирғизистонга, қирғиз ҳукуматига ишонган эди» деди.
«Олдинги ҳукуматдагиларнинг ҳам, амалдаги ҳукуматдагиларнинг ҳам кўпчилигини болалари бизда ўқийди. Улар Орхан домлани биздан ҳам яхши билишади, Орхан домлани улар билан борди-келдиси, муносабати яхши эди. Ҳозир ўйласам Орхан домланинг ичидаги умиди ўчди. Билмадим… Бироқ мен қирғиз халқидан миннатдорман, яхши ёрдам беришди», — деди у оғир хўрсиниб.
Рейхан Инанди эрининг ўғирланиши бўйича «ҳаммасини худога солдик, худо жазоласин» деб қўшимча қилди.
Аёл энди нима қилишини ҳали ўйламаган. У қирғиз ҳукумати ўзи билиб, ўз фуқаросини олиб келса ўлканинг престижи ҳам яхши бўлишини таъкидлади.
«Энди қирғиз ҳукумати ҳукумат қатори ўз фуқаросини олиб келиши шарт, буни мен айтишимни ҳожати йўқ, улар ўз вазифаларини яхши билишади. Ҳукумат шунинг учун керакда. Бироқ Орхан домла шундай ҳолга тушди, Туркияда уни нима қилишади, нима бўлади мен билмайман. Кўрамиз, худо кўрсатади. Бироқ ҳозир илтимос қиламан, қирғиз ҳукумати Орхан домлани олиб келсин!» — деди Инанди.
«Махсус операция, нота, бепарволик»
Туркиянинг президенти Режеп Тайип Эрдоган 5 июлда бир ойдан ортиқ вақтдан бери бедарак бўлаётган Қирғизистон фуқароси, «Сапат» билим бериш муассасасининг асосчиси Орхан Инанди террорчиларга қарши операция асосида ўлкага олиб келинганини жонли эфирда маълум қилди.
6 июлда ТИВ Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Ахмет Садик Доганга норозилик нотасини топширди. Шунингдек уни Қирғизистонга қайтаришни талаб қилди.
Жамоатчилик ҳукуматдан Инандининг ўғирланиши бўйича изоҳ беришни талаб қилгандан кейин президент Садир Жапаров ОАВларининг бирига интервью берди.
У Инанди «энг муҳими омон-эсон экан» деб билдирди. Жапаров Инандини ўғирлашга уч марта ҳаракат бўлганини айтиб, «бепарволик қилибди» деди.
«Учинчиси қиш ойларида бўлиб, унда Камчибек Ташиев сақлаб қолибди. Аниқроғи, МХДҚнинг йигитлари сақлаб қолишган. Уни Орхан Инанди ва унинг оиласи ҳам билади. Шунда Камчибек Кидиршаевич ёлғиз юрма, доим тан соқчи билан юргин деб огоҳлантирган экан», — деди Жапаров.
У ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевга Туркиянинг элчисига нота топшириш бўйича буйруқ берганини таъкидлаб, уни қайтариб олиб келиш учун Туркиядан унинг фуқаролиги бўйича жавоб кутишаётганини айтган.
Парламент депутатлари Орхан Инандининг ўғирланишини кескин танқид қилишган. Мазкур масала Жогорку Кенеш йиғинида 7 июлда ўтказилди. ИИВ Инанди қандай ўғирлангани текширилишини билдирди.
Орхан Инанди 31 майга ўтар кечаси Бишкекнинг марказий кўчаларининг биридан ўғирланган. ИИВ ва МХДҚ унинг йўқолишини текширгани билан жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот берилмаган.