Россия. Калининградда мигрантларга ҳайдовчи, ўқитувчи ва новвой бўлиб ишлаш таъқиқланди

Калининград вилоятининг губернатори Антон Алиханов чет элликларга таксист, автобус ҳайдовчилари, нонвой, қандолатчи ва тарбиячи бўлиб ишлашни тақиқланган фармонни имзолади. Бу ҳақда Север.Реалии нашри билдирди.

Ҳукумат бу чорани мазкур тармоқларда одамлар нисбатан кўп алоқада бўлгани сабаб, коронавируснинг янги, жуда тез юқадиган штамми тарқалишига шароит яратиши мумкинлиги билан тушунтирди. Бироқ ҳукумат нима учун айнан чет эллик фуқаролар COVID-19 касаллигини олиб юрувчи деб ҳисоблашини тушунтирмаган.

Шу билан бирга, Калининград вилоятида муҳожирларга вақтинча турар-жой бериш ва бошқа фуқароларни ишга жойлаштириш тақиқланди. Буйруқ уч ойдан кейин кучга киради ва бир йил давом этади.

Россияда коронавирус юқтирганларнинг сони ортаётгани сабаб маҳаллий ҳукумат органлари мустақил чеклов кирита бошлади. «Азаттык» радиосининг маълумотига кўра, тахминан 20 ҳудудда бир қанча категориядаги ишчиларга мажбурий эмлаш талаби киритилди.

Москвада ресторан ва кафеларга эмланганлар, оғриб соғайганлар ёки топширган тестининг натижаси салбий бўлган одамларгина кира олади. Краснодар ҳудудида меҳмонхонага кириш учун эмлангани ҳақида гувоҳнома ёки ҳудудга келгандан кейинги уч кун оралиғида эмлашдан ўтиши керак.

Калинград вилоятида 1-июлдан бошлаб вакцина олмаган сайёҳлар экскурсияларга чиқмайди. Ҳукумат иш берувчиларга эмлашдан ўтмаган ходимларни командировкага юборишни тақиқлади, болалар эса — савдо марказлари билан кинотеатрларга ота-онаси билан бирга бориши керак.