Парламент Марказий сайлов комиссиясининг 12 янги аъзосини сайлади

224

Жогорку Кенешнинг депутатлари 30 июндаги йиғинида Марказий сайлов комиссиясининг янги таркибини тасдиқлади. Депутатлар тегишли қарорни ёпиқ овоз бериш билан қабул қилишди.

Садир Жапаров 28 июнда имзолаган «Қирғиз Республикасининг сайлов ва референдум ўтказиш бўйича марказий комиссияси ҳақидаги» янги конституциявий қонунига мувофиқ, МСКнинг олти аъзосини президент, яна олти аъзосини парламент таклиф қилади.

Президент томонидан кўрсатилганлар:

  • Нуржан Шайлдабекова — ҳозир у Марказий сайлов комиссиясининг раиси;
  • Марс Наспеков — «Кыргыз почтасы» ишхонасининг собиқ директори;
  • Нурлан Койчукеев — адвокат ва Судьялар кенгаши ҳузуридаги диссиплинар комиссиянинг аъзоси. Натижаси бекор қилинган парламент сайловида «Мекенчил» партиясидан номзод бўлган;
  • Акбалик Жумалиева — ОАВларида у фуқаровий фаол бўлгани ёзилган. Натижаси бекор қилинган парламент сайловида «Бир Бол» партиясидан номзод бўлган;
  • Айдана Жупуева — МСКнинг сайловни ташкил қилиш бўлимининг эксперти;
  • Анар Дубанбаева — «Керемет» МЧЖ юристи, 2009 йилгача Бишкек шаҳар судининг судьяси бўлган. 2020 йилнинг март ойида у Садир Жапаровни қўллаш митингига қатнашиб, МХДҚ томонидан «Ҳукуматни куч билан босиб олишда» гумон қилиниб қўлга олинган. Кейинчалик у натижаси бекор қилинган парламент сайловида «Мекенчил»нинг рўйхатида бўлган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Судьялар кенгаши қошидаги диссиплинар комиссиянинг аъзоси бўлиб тайинланган.

Жогорку Кенеш томонидан кўрсатилганлар:

  • Абдижапар Бекматов — ҳозир у МСК раисасининг ўринбосари, унинг номзоди «Бир Бол» фракциясидан кўрсатилди;
  • Искендер Гайпкулов — президент аппаратининг стратегик ривожлантириш, иқтисод ва молия сиёсати бўлимининг раҳбари, олдин «Ата Мекен» фракциясидан депутат бўлган. Унинг номзодини мазкур фракция кўрсатди;
  • Акилбек Эшимов — МСКнинг аъзоси, унинг номзодини «Кыргызстан» фракцияси кўрсатди;
  • Тинчтикбек Шайназаров — МСКнинг аъзоси, олдин “Өнүгүү — Прогресс» фракциясидан депутат бўлган. Шайназаровнинг номзодини мазкур фракция таклиф қилди;
  • Узарбек Жилкибаев — ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги собиқ мухтор вакили. Натижаси бекор қилинган парламент сайловида «Республика»нинг рўйхатида бўлган. Унинг номзодини КСДП фракцияси кўрсатди;
  • Кайрат Маматов — Бишкек ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси. Унинг номзодини «Республика — Ата-Журт» фракцияси кўрсатди.

Қонунга кўра, МСКнинг янги аъзолари беш кун ичида раис ва унинг ўринбосарини сайлаши керак.

11 июлда Бишкек, Ўш ва Тоқмоқ шаҳар кенгашларига сайлов бўлади. парламент сайлови қачон бўлиши ҳозирча номаълум.