«Музликларнинг ҳолати ёмон». Буюк Британиянинг элчиси Қумтўр ҳақида фикрини билдирди

294

Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчиси Чарлз Гаррет твиттердаги саҳифасига Қумтўр конига боргани ҳақидаги таассуротларини ёзди.

Сафарни 25 июнда чет эллик делегатлар ва элчилар учун «Қумтўр Голд Компани» уюштирган.

Гаррет твиттер саҳифасидаги постида конни ишлатиш натижасида зарар кўрган музликларнинг ҳолатини кўриб хавотирланганини ёзган.

«Биз музликларни кўрдик, музликларнинг аҳволи ёмон. Бироқ иқлим ўзгаришидан эриётганини ҳам тушуниш керак», — деб ёзган элчи.

У ўлкада ҳарорат кўтарилиши сабаб зарар кўраётган бошқа музликлар борлигини ҳам қўшимча қилди. Шу сабаб Гаррет Қирғизистон БМТнинг ноябрда бўладиган иқлим ўзгариши бўйича конференциясига қатнашиши керак деб ҳисоблайди.

«Қумтўр»да нима дейишмоқда?

«Қумтўр Голд Компани»нинг матбуот хизмати конга бўлган экскурсия вақтида Экология ва иқлим бўйича давлат қўмитасининг раисаси Динара Кутманова ишхона аввалги тартибда ва иш хавфсизлик техникасига амал қилган ҳолда ишлаётганини айтган.

Кутманова чет эллик делегатларга олдин кон қазиш ишлари билан шуғулланган Канаданинг Centerra Gold компанияси экология нормаларни сақламаганини айтиб берган.

«Қумтўр» атрофидаги можаролар ва қўлга олишлар

Охирги бир неча ойдан бери Қирғизистонда Қумтўр конига боғлиқ можаролар тўхтамайди. 6 майда парламент депутатлари хусусий компанияга сиртдан бошқарувни киритишга йўл берган қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилишган эди.

12 майда Қумтўр фаолиятини текширган давлат комиссияси ишининг натижасини чиқариб, олтин қазиш компаниясидан, бунгача суд талаб қилган маблағни ҳисобга олиб 459 млрд сом ёки 4 млрд 252 млн доллар ундиришни таклиф қилган.

Ўша вақтда депутатлар яна бир вариантни таклиф қилишган — «Қумтўр» билан ҳукумат ўртасидаги шартномаларнинг ҳаммасини бекор қилиш ёки ишхонага вақтинча четдан бошқарув киритиш. Кейин 14 майда ташқи бошқарув бўйича қонунга президент Садир Жапаров қўл қўйган.

Натижада ҳукумат «Қумтўр Голд Компани»га ташқи бошқарувчини тайинлаган. У Канаданинг Centerra Gold Inc компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси бўлган Канада фуқароси Тенгиз Бўлтурук бўлган.

Бундай қарор канадалик компанияни — Centerra Gold Inc — қониқтирган эмас. Компания қирғиз ҳукуматини Арбитраж судига беришини билдирган. Centerra республика ҳукуматнинг ҳаракати томонлар ўртасидаги имзоланган шартномани бузади деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга Канада компанияси ҳукумат уларга мурожаат қилса, «конструктив» диалогга тайёрлигини билдирган.

Бу можаро асосида бир қанча сиёсатчилар билан собиқ амалдорлар қамалган. Қўлга олинганлар орасида собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг укаси ва парламент депутати Асилбек Жээнбеков бор, собиқ ҳукумат раҳбарлари Ўмурбек Бабанов билан Мухаммедкалий Абилгазиев қўлга олинган.

Уларнинг қаторини парламент депутатлари Тўрўбай Зулпукаров, Талантбек Узакбаев ва собиқ депутат Исхак Пирматов тўлдирган. Буларнинг бари «Қумтўр» иши бўйича коррупцияда гумон қилинмоқда.