Дастурхонга бўғирсоқ қўйилмаган. Ўш мэриясининг 312 минг сомли шубҳали тендери

293

T-media.kg нашри Ўш мэрияси эълон қилган ғалати тендерни аниқлади.

4 июнда Ўш шаҳрида ёшларнинг инновация марказининг очилиши бўлган. Унга министрлар кабинетининг Ўш вилоятидаги вакили Жарасул Абдураимов, вице-мэрлар Эмил Шадиканов, Замир Юсупов ва шаҳар кенгашининг депутатлари қатнашган. Муниципалитет марказнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир учун сомса, бўғирсоқ ва пирог сотиб олиш учун тендер ўтказган.

Скриншот: T-media.kg

Тендерга кўра, тадбирнинг дастурхонига мэрия 312 минг сом сарфламоқчи бўлган. Натижада дастурхон тайёрлашга тендерни энг кам нарх, 180 минг сом таклиф қилган «Эр-Ас-компани» қурилиш компанияси ютиб олган.

Юстиция вазирлигининг маълумотига таянсак, фирма турар-жой ва биноларни қуради. Фирманинг эгаси Боронбек Таштанов исмли киши.

*МСКнинг 2020 йилнинг ноябрь ойидаги маълумотига таянсак, Таштанов Ўш вилоятининг Қорасув тумани Папан қишлоғида маҳаллий кенгашнинг депутати бўлган. Straydogs.Kg бирлашмасидаги жониворларни ҳимоя қилувчиларнинг маълумотига қараганда, унинг компанияси ит ва мушук отишга эълон қилинган тендерларда доим ютиб келган.

Бу сумманинг ярмидан кўпи — 100 сом бўғирсоқ сотиб олишга сарфланадиган бўлган. Бироқ фактчекерларнинг маълумотига таянсак, тендер ўтишига қарамай, тадбирнинг дастурхонига бўғирсоқ қўйилмаган.

Ўш мэриясида 35 минг сомга тендер эълон қилинганини, унинг нархи техник хатолар сабаб бу ерда ортиқча ноль ва вергуллар қўшилиб қолгани сабаб кўпайиб кетганини айтишган.

«35 минг сомга тендер берилган. Бироқ порталга 350 минг сом деб киритилган. Тендерга киритаётганда вергул, ноль деганлари борда. Ўша ерда бир икки нолда хато бўлган. Асосийси кофе-брейкка ажратилган пулни ютган фирмага ўтказилмаган. Энди бу тендер бекор қилиниб, қайта ўтказилади», — деган Ўш мэриясининг ёшлар ишлари бўйича қўмитасининг раҳбари Иззатбек Берхмаматов.

Унинг айтишича, кофе-брейкка ажратилган маблағ бир марталик тадбирга сарфланмайди. Тендернинг ғолиби «Эр-Ас-компани» қурилиш фирмасининг бошчиси Боронбек Таштанов фактчекерларга кофе-брейк учун 41 минг сом сарфланганини билдирган.

«Шунчаки баҳона»

T-media.kg нашри Ўш мерияси «Давлат харидлари ҳақидаги» қонуннинг 10-моддаси 4-бандини, бундан ташқари, 21-модданинг 1 ва 4-бандларини бузди деган хулоса чиқарган.

Юрист ва иқтисодчи Замир Пусуртегиннинг айтишича, амалдорнинг техник хато ҳақидаги сўзи «шунчаки баҳона».

«Энди тендерни бекор қиламиз дейишяпти. Бироқ тадбир ўтиб бўлди. Қайта тендер ўтказса бошқа компания ютиб олиши мумкин. Агар ҳозир тендерни бекор қиладиган бўлса, бу компания кофе-брейкни қарзга қилиб берди. У қарзини мериядан қандай ундиради. Бу ҳам бир муаммо», — деган у.