Бишкек шаҳар суди депутатлар Асилбек Жээнбеков билан Тўрўбай Зулпукаровнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича аризани 23 июнда қарайдиган бўлди. Бунга гумондорларни судга олиб келинмагани сабаб бўлди.
«Азаттык» радиоси икки депутатнинг адвокатлари суд жараёнига гумондорлар олиб келинмаганига ва у ёпиқ ўтганидан норози бўлганини ёзди.
Суд биноси олдига йиғилган икки депутатнинг юздан ортиқ тарафдори «сиёсий таъқиб бўлмоқда» деб билдиришди.
«Мамлакатимизда қонунийлик ўрнаб, ривожланиши учун суд системасини ўзгартириш керак. Сиёсий таъқиб давом этадиган бўлса, биз масштабли турда Қирғизистоннинг барча ҳудудида тадбирлар ташкил қиламиз», — деди норозилик акциясининг олиб борувчиси.
Депутатларнинг тарафдорлари «Зулпукаровга озодлик», «Жээнбековга эркинлик», «Сиёсий таъқибга йўл йўқ» деб ёзилган транспарантларни кўтариб бир неча соат митинг ўтказишди. Асилбек Жээнбековни қўллаб судга акаси — Қирғизистоннинг Руминия ва Болгариядаги, шунингдек Украинадаги фавқулодда ва мухтор вакили Жусупбек Шарипов ҳам келди.
Бироқ у журналистларга изоҳ бермади.
«Қумтўр иши»
Депутатлар Асилбек Жээнбеков ва Тўрўбай Зулпукаров Қумтўр конини ишлатиш бўйича лойиҳани амалга оширишда коррупцияда айбланиб 31 майда қўлга олинган.
Шу куни Биринчи май туман суди уларни икки ойга қамоққа олган. Бироқ депутатларнинг адвокатлари эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уй қамоғига чиқариш бўйича судга мурожаат қилишган.
Шунингдек депутат Дастан Бекешев Жогорку Кенешнинг 2 июнидаги йиғинида халқ вакиллари қўлга олиниши янги қабул қилинган Конституцияга қарши келади деб билдирган. Кейин депутат Канат Исаев ҳам гумондорларни тергов қамоғида қолиши бўйича тайинланган эҳтиёт чорасини қайта кўриб чиқишни талаб қилган.
Бу орада Жээнбековнинг тарафдорлари туғилган ери Қора-Қулжада, Зулпукаровнинг тарафдорлари Новқатда митингларни ўтказган. Бундан ташқари, суд биноси олдига ҳам келишган.
МХДҚ 17 майда Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини хабар қилган.
Шу асосида икки депутатдан ташқари яна бир неча собиқ депутатлар, собиқ премьер-министрлар ва амалдаги депутатлар қўлга олиниб, қамалган. Шунингдек бир қанча сиёсатчилар МХДҚга сўроқ қилинган.Хурматой Нурматова