Боткен: Йўл ҳалокатидан Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлиб, икки киши жонлантириш бўлимига тушди

236
Сурат: ФҲВ

Ўш — Баткен йўлининг 158-чақиримида 16 июнь куни йўл ҳалокати содир бўлиб Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бундан ташқари икки киши касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушди.

ФҲВ билдиришича, ҳалокат мазкур йўлнинг Янги-чек қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Тўрт киши кетаётган BMW русумидаги енгил машинанинг ғилдираги ёрилиб, йўл четига чиқиб ағдарилган.

Воқеа натижасида 43 ёшли киши ҳалок бўлган — у Ўзбекистон фуқароси бўлган. Яна икки кишини тез ёрдам хизмати Қадамжой ҳудудий касалхонасининг жонлантириш бўлимига олиб кетган.

Июнь ойидан бери деярлик ҳар куни одам ўлимига сабаб бўлган фалокатлар

Бу билан расмий маълумот бўйича июнь ойида йўл ҳалокатидан 18 киши вафот этган — бир кун олдин Иссиқкўлдаги Балиқчи — Ананево — Қоракўл автойўлида катта тезликда кетаётган машина ағдарилиб, икки киши ҳалок бўлди. Бир киши жароҳатланиб унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

13 июнга ўтар кечаси Ўш — Баткен йўлида енгил машиналар тўқнашиб, олти киши ҳалок бўлган — унинг тўртови ёш бола, яна олти киши жароҳатланиб касалхонага тушди.

12 июнда эса Бишкек — Ўш йўлининг 497-чақиримида «Мерседец-Бенц» оғир юк ташувчи машина билан «Хонда Одиссей» машинаси тўқнашиб, натижада олти киши воқеа жойда ҳалок бўлган.

Шу куни яна бир йўл ҳалокати содир бўлган — Иссиқкўл туманининг Сари-Камиш қишлоғидаги йўл четида турган «Фолксваген-Пассат» енгил машинасига «Мерседец-Бенц» оғир юк ташувчи машина ортидан келиб урилган. Унда ҳайдовчи рулни бошқаролмай қолган.

Ҳалокат оқибатида машина ичидаги 33 ёшли аёл 4 ва 1 ёшли қизлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган. Унинг 6 ёшдаги боласи касалхонага етказилган.

4 июнь куни Иссиқкўл туманининг Ананево қишлоғидаги йўлда Садир Жапаровни назорат қилиб кетаётган машиналарнинг бири аварияга учраган. Унда президентнинг шифокори ҳалок бўлиб, уч киши жабрланган. Жапаров ўзи бошқа машинада бўлиб, жабрланган эмас.

Йўл ҳалокатлари кўпайгани сабаб президент 14 июнда ИИВга йўл-транспорт ҳалокатларини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар комплексини кучайтиришни топширди.

У фуқароларни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга, ҳайдовчиларни йўлда ҳушёр бўлишга, пиёдалар билан йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини ҳурмат қилишга чақирди.