МХДҚ: Депутат Тўрўбай Зулпукаровнинг дипломи сохта бўлиб чиқди

284
Сурат «Марал» нашридан олинди

Миллий хавфсизлик бўйича давлат хизмати депутат Тўрўбай Зулпукаров қалбаки дипломдан фойдалангани аниқланганини билдирди. Маълумотга кўра, унинг 2000 йили тарихчи мутахассисилиги бўйича олган дипломи бошқа одамга тегишли бўлиб чиқди.

«З.Т.З. 1998 йили Жусуп Баласагин номидаги Қирғиз миллий университетининг Тарих факультетидан 3-курснинг шартнома ҳақини тўламаганлиги учун чиқарилган. У университетнинг битирувчилари қаторида йўқ бўлган, дипломда кўрсатилган рақам билан рўйхатга олинган диплом бошқа фуқарога берилгани аниқланди», — деб билдирди махсус хизмат.

Маълумотни махсус хизматга Жусуп Баласагин номидаги Қирғиз миллий университетидан беришган. «Марал» нашрига таълим вазирлигидан Зулпукаров ўқишни тугатмагани учун диплом берилмаган деб билдиришди. 2000 йили Тўрўбай Зулпукаровга берилган №748 рақамидаги диплом Чолпон Усубалиева номли битирувчиники бўлган.

Бундан ташқари, МХДҚнинг маълумотида депутат қалбаки дипломни Ўш давлат университетига топширганда фойдаланган деб қўшимча қилган. Шунингдек, у фаол сиёсий фаолиятида иккинчи олий таълим олгани айтилган.

Жогорку кенешнинг сайтида Тўрўбай Зулпукаров икки олий маълумотга эга эканлиги кўрсатилган: бири Жусуп Баласагин номидаги ҚУУдан берилган, иккинчи диплом ЎшДУдан юридика мутахассислиги бўйича берилган.

Зулпукаров КСДП фракциясининг олтинчи чақирилишининг депутати, Жогорку Кенешнинг бешинчи чақирилишида, 2012-2015 йиллари, вице-спикер бўлган.

Тўрўбай Зулпукаровнинг қўлга олиниши

Зулпукаров — шу йилнинг 31 майида Қумтўр конини ишлатиш лойиҳасини амалга оширишда коррупцияга айбланиб МХДҚ томонидан қўлга олинган. У билан бирга депутат Асилбек Жээнбеков, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талантбек Узакбаев ва собиқ премьер-министр Ўмурбек Бабанов ушланган. Биринчи май туман суди 2 июнда гумондорларни икки ойга тергов изоляторига қамаш қарори қабул қилинган.

Депутат Дастан Бекешев Жогорку Кенешнинг 2 июндаги йиғинида халқ вакилларининг қўлга олиниши янги қабул қилинган Конституцияга қарши келади деб билдирган. Кейин депутат Канат Исаев ҳам гумондорларга нисбатан тергов қамоғига қамаш бўйича тайинланган эҳтиёт чорасини қайта кўриб чиқишни талаб қилган.

Бу орада туман судининг биносида Жээнбеков ва Зулпукаровнинг ўнлаган тарафдорлари йиғилиб, уларни бўшатишни талаб қилишган.

17 майда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Жогорку Кенешнинг йиғинида Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилди.

Уларнинг бири «Кумтор Голд Компани» ишхонаси экология талабларини сақламагани бўйича. Қолган уч иш олтин қазувчи компания билан шартномалар тузган, солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилган, шунингдек «Кумтор Голд Компани»га текширув олиб бориш учун қўшимча ер участкаларни берган Қирғизистоннинг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғалган.