«Бола отасини кўролмай қолган бўлса ҳам ҳис қилади». Ўш воқеасида турмуш ўртоғини йўқотган Дилбар

364
Дилбар Қосимова. Сурат: Тойчубек Артик ўғли / Kloop.kg

41 ёшдаги Дилбар Қосимова Ўш шаҳридаги Анар кичик туманидаги №19 кўп қаватли уйида истиқомат қилади. Мазкур турар-жой ҳукумат томонидан 2010 йили Ўш воқеасида жабрланганлар учун қурилган. Қосимова июнь воқеасида турмуш ўртоғидан, қайнонасидан ва қайнопасидан айрилган.

Қўшнилар билан хотирлаш Анар кичик туманидаги №19 кўп қаватли уй. Сурат: Тойчубек Артик ўғли / Kloop.kg

«Бу уйга кўчиб келганимга бу йил ўн йил бўлди. Ҳар йили шу уйда яшаганлар тўпланиб, эҳсон қиламиз. Мериядан ҳам вакиллар келиб, қуръон ўқитиб кетишар эди. Бу йил нимагадир ҳеч нима уюштирилмади. Эшитишимча ҳар йили хотира маросимига пул ажратилар экан, кейин шу пулга биз ўтказар эканмиз. Бу пуллар ўн йил вақтга берилган экан, бу йил 11 йил бўлгани учун тўхтаган кўринади, бироқ мен уй бошчидан кириб сўрашга вақтим бўлмади», — дейди Қосимова.

Хотира маросими ўтган йили ҳам коронавирус пандемияси сабаб ташкил қилинмаган. Қосимованинг айтишича, ҳар йили 10 июнда у тушгача қўшнилари билан қуръон ўқитиб, тушдан кейин қайнонаси яшаган уйга бориб, қариндошлари билан хотирлашар эди.

«Мэриядан маблағ ажратилмаса ҳам, қўшнилар билан бирга ҳалок бўлган яқинларимизни хотирлай олмасак ҳам, биз оиламиз билан эҳсон қилиб тураверамиз. Бироқ бу ўн йил ичида хотирланиб, кейин унутиладиган нарса эмас деб ҳисоблайман, қанча вақт ўтса бу унутилмайдиган воқеа. Бу давом этиши керак эди», — дейди Қосимова.

«Баъзан менга турмуш ўртоғим тирикдай туюлади»

2010 йили 5 июнда Дилбар Қосимованинг кичик ўғли туғилган. Шу сабаб у уч қизи ва янги туғилган боласи билан ота уйига кетган. Ота-онасининг уйига кетгани учун болалари омон қолди деб ҳисоблайди. Шу билан бирга Қосимованинг энг катта қизи 10 ёшда, кейинги қизи 8, кичик қизи 3 ёшда эди.

«Куйиб кетган уйда бизнинг оила, қайнонам ва қайнакам оиласи билан яшаган. Уйимиз куя бошлаганда қайнакам оиласи билан қочиб чиқишга улгурган, қайнонам эса инсульт бўлиб тўшакда ётарди, ертўлада қолиб кетган. У билан бирга турмуш ўртоғим ва қайнопам ҳам бўлган. Турмуш ўртоғимни касалхонага етказишган экан, бироқ бари бир яшамаган, 12 июнда 34 ёшида вафот этди. Қайнопам билан қайнонам 10 июнда уйимиз куйганда ҳалок бўлишган экан», — деб хўрсинди Қосимова.

Қосимова айтганидек, эри ўн йилдан ортиқ мэрияда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, кейин кичик автобус олиб йўловчи ташиган. Турмуш ўртоғи ўлган вақтда Қосимова 30 ёшда бўлган.

«Ҳозир очиғини айтсам ўша кунни ҳеч эслагим келмайди [йиғлаб...] болаларим баъзан отам қандай одам бўлгани ҳақида айтиб беринг дейишади, бироқ айтиш қийин [...] Вафот этган йиллари катта қизларим «ота келинг» деб йиғлаб юришарди, кичик қизим унчалик билмайди. Қизларим отамлаб йиғлаганда ўзимни қўярга жой тополмасдим. Кичик ўғлим отасини кўрмаган бўлса ҳам тили «ота» деб чиқди, шунда онам айтганда бола отасини кўрмаса ҳам юраги билан ҳис қилади деб», — дейди Қосимова.

Суратда Дилбарнинг қайнонаси ва турмуш ўртоғи икки қизи билан. Сурат: Тойчубек Артик ўғли / Kloop.kg

Тўполондан кейинги ҳаёт

«Воқеа бўлгунча қайнонам ва турмуш ўртоғим бўлиб яшаган уйдан ота уйимга кетган бўйимча бу уйга қайтиб келмадим. Сабаби бу уйдан ҳеч нарса қолмаган, ҳаммаси куйиб кетган. Бир йилгача ота уйимда яшаб кейин шу уйга кўчиб келдим», — дейди Қосимова.

У уч хонали квартирасига 2011 йилнинг 21 июлида биринчилардан бўлиб, тўрт боласи билан кўчиб келган. Ўша кунни у қувонч билан хотирлайди, сабаби ўша куни эрининг туғилган куни бўлган. Унинг айтишича, уч ойгача кўп қаватли уйда болалари билан ёлғиз яшаган. Сабаби уй олиб кўчиб келишдан қўрққанлар бўлган.

«Мен билан алоқага чиққанлар ҳам бўлган, «қандай жой экан? Яшасак бўладими?» деб, мен сўраганларга айтардим, «келинглар яшайлик, яхши экан» деб. Шундай қилиб бир-иккита бўлиб кўпайдик. Ҳозир уйнинг ҳар бир хонадонида яшовчилар бор. Қўшнилар бари яхши, шерине ўйнаб турамиз [кулиб], қирғиз-ўзбек деб бўлинмай, аралаш яшаб, борди-келди қиламиз», — дейди қувониб Қосимова.

«Бизга фақат тинчлик керак»

Тўрт вояга етмаган болалари билан ёлғиз қолган Дилбар Ўш воқеасидан кейин «энди болаларимни қандай боқаман?» деган савол қийнаган дейди. У ўрта мактабни тугатгандан ҳунар ўрганмаган. Россияга кетишни ният қилгани билан болаларини ташлаб кетолмаган.

«Очиғини айтсам болаларимни боқиш учун уч ерда пол ювиб, икки йил ишладим. 2014 йили тиббиёт коллежига ўқишга кириб, 3 йил кундузги бўлимда ўқидим. Бу орада болалар касалхонасида кир ювиб, пул ишладим. Бунинг орасида уқалаш ва компьютер курсларида ҳам ўқидим. Бу ҳам менга куч-қувват берди деб ўйлайман, ҳозир №4 поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлаяпман. Ҳаммасига шукур қиламан», — деди у.

Шунингдек, у ҳаёти бир маромга тушиб кетиши учун тўрт боласига давлат томонидан берилувчи ёрдам пул кўмак бўлганини қўшимча қилди. Ёрдам пулни эри ўлгани учун олиб турган.

«Катта қизларимга ҳозир ёрдам пул тўхтатилган, сабаби улар 16 ёшдан ўтди. Ҳозир икки кичик болаларимга оляпман. Турмуш ўртоғим бўлганда ҳаммасини ўзи қиларди, у йўқ бўлса ҳам болаларим учун яшашим керакда. Болаларим катта бўлиб қолишди, икки катта қизимни турмушга бердим. Икки набира кўрдим, ҳозир қарамоғимда қизим билан ўғлим бор», — деди.

Дилбар Қосимова июнь воқеасининг айбдорлари жазога тортилишини истайди. Унинг айтишича, ўша пайтда миллатлар аро низо бўлмаган, манфаатдор одамлар воқеани уюштириб, кейин миллатлараро жанжал бўлгандай кўрсатишган.

«Бироқ 11 йилдан бери айбдорлар топилмади, жазоланмади [...] Фақатгина бундай воқеа такрорланмасин дейман, бизга тинчлик керак» дейди у.

Этник тўқнашув

2010 йилнинг 10 июндан 14 июнигача Ўш ва Жалолобод шаҳарларида этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида жанжал чиққан — шу кунлари Ўш билан Жалолобод кўчаларида комендантлик соати ва фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Минглаган бинолар ёқилиб, ҳарбий ходимлар билан милициянинг қурол-яроғи ва махсус техникаси босиб олинган.

Июнь воқеасини текширган Килюненнинг халқаро комиссиясининг маълумотига қараганда, ўлганларнинг сони 470 кишига етган. Уларнинг орасидан 74% ўзбеклар, 25% қирғизлар, бир фоизи эса бошқа этник гуруҳнинг вакилларини ташкил қилган. Ўлганларнинг 67%га яқини ўқдан яраланган.

«Бу воқеада минглаган одамлар жароҳатланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1900 кишига касалхоналарда тиббий ёрдам кўрсатилди деб айтган. Бироқ жабрланганлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин. Касалхоналардаги айрим тиббий ёрдамлар рўйхатга олинмаган», — деб айтилади комиссиянинг ҳисоботида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига таянсак, Қирғизистоннинг жанубидаги 2010 йилнинг июнь ойидаги воқеада 400дан ортиқ одам қурбон бўлган, мингдан ортиқ одам яраланиб, моддий зарар 2,2 млрд деб баҳоланган.