«Орел&Решка» телешоуси июль ойида Ўш шаҳрига келиши ҳақидаги постни инстаграм саҳифасидан ўчирди. Кўрсатув шаҳарга келиш-келмаслиги ҳозирча номаълум.
7 июнда «Орел&Решка» инстаграмдан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига келишини ва қайси ерларга бориши бўйича локацияларни излашаётганини хабар қилган эди. Маълумотни Ўш мериясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров фейсбукда бўлишиб, ижтимоий тармоқларда мазкур янгилик муҳокама қилинган. Кўпроқ шаҳар турғунлари шаҳардаги муаммоларни санаб ўтишган.
Шаҳар турғунларининг кўпчилиги «уят қилманглар», «яхши жойларни кўрасатинглар» ва ижодий гуруҳ келганда «ёмғир ёғмай турсин деб сўранглар» деб ёзишган — сабаби ёғингарчилик бўлганда тоза сув бериш тўхтатилади. Шу сабаб кўп қаватли уйларда ҳожатхонага бориш муаммо бўлади. Жамоат овқатланиш жойлари, дам олиш марказлари ишини вақтинча тўхтатади.
«Масалиев кўчасидаги кесилган чуқурларни, тирбандликларни, ёмғир ёққанда сув тўхташини, тор кўча, ёғингарчиликда бассейн бўладиган йўллар ва бошқа шу каби мақтанадиган нарсаларимиз кўп экан», — деб фикр қолдирган Абсаттаровнинг постига турғунларнинг бири.
Айримлари эса шу ишга мерия аралашмай, шаҳар тозалигини таъминлаб берса тўғри бўлишини айтишган.
Абсаттаровнинг постини остига «Сулайман-Тоғ сарғайиб ётибди, суғориб яхшиласа бўларди» деган фикр ҳам айтилди.
«Орел&Решка» кўрсатуви Қирғизистонга 2013 йили келган. Унда бошловчилар Настя Короткая ва Андрей Бедняков Бишкек шаҳрини айланиб, яйловларни, Иссиқкўлни ва бургутларнинг овини кўриб кетишган.
Ҳар бир кўрсатувда бошловчилар бирор бир давлатга саёҳат қилишади. Уларнинг бири саёҳат вақтида истаганча пул ишлатса, бириси эса икки кун 100$ долларга яшаши керак бўлади.