«Эрим божона ходими». Чуйда аёл собиқ эри тарафидан аёвсиз калтакланди

278
Сурат: Адвокат Шердор Абдикапаровнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Адвокат Шердор Абдикапаров Чуй вилоятининг Аламудун туманида 38 ёшли аёл собиқ турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланганини билдирди. Туман ички ишлар бошқармаси мазкур факт бўйича судгача текширув ишини бошлаган.

Абдикапаров зўравонликка учраган аёлнинг манфаатини ҳимоя қилишини фейсбук саҳифасига ёзди. Унинг айтишича, аёл турмуш ўртоғи уни калтаклайверишидан ажрашиб кетган. Бироқ шунга қарамай, собиқ аёлини «ўлдираман» деб қўрқитиб, ортидан юриб, калтаклашни тўхтатган эмас.

Адвокат жабрланувчининг мурожаатини ҳам эълон қилган. Унда собиқ турмуш ўртоғи божхона ходими бўлгани сабаб, аввалги ёзган аризалари бефойда бўлганини айтган.

«Турмуш ўртоғим охирги марта «чала ўлик» қилиб саваб, касалхонада 22 кун ётиб чиқдим. Ўша куни Аламудун ТИИБига унинг устидан ариза ёзганман, ЖУРга рўйхатга олинган ва суд-тиббий экспертизалар тайинланган. Бироқ экспертизадан «соғлиққа енгил зарар келтирган» деган хулоса чиқди. Турмуш ўртоғим божхона ходими бўлгани учун унинг ҳамма жойда танишлари бор», — деган аёл.

Жабрланувчининг айтишича, 8 июнга ўтар кечаси собиқ эри аёлни ортидан бориб калтаклаган. Адвокат эълон қилган хат билан бирга суратлар ҳам берилган. Унда аёлнинг танаси кўкариб кетганини кўриш мумкин.

«Телефонимни тортиб олиб, қайтармади. Машинамнинг олд ойнасини ва телефонимни синдирди. Бугун [8 июнда — таҳр.] Аламудун ТИИБга иккинчи марта ариза ёздим. Бироқ у ерда «қароқчилик» эмас «бебошлик» қатори рўйхатга олишди. Нима учун аёлларни ва болаларни ҳимоя қилиш тизими ишламайди? Эркаклар жарима билан қутилиб кетишади, нимага жазони кучайтиришмайди? Нимага бизни эрларимиз ўлдиргунча кутиб туришимиз керак?» — деди аёл.

Чуй ВИИБининг матбуот хизматидан 38 ёшдаги аёлнинг собиқ эри томонидан зўравонликка учраши бўйича текширув ишлари бораётганини хабар қилишди.

Милициянинг маълумотига кўра, воқеа 8 июнда жабрланувчининг Кирман қишлоғидаги уйи яқинида бўлган. Уни собиқ турмуш ўртоғи олдин уят сўзлар билан тупуриб, кейин калтаклаб, машинасининг ойнасини ва телефонини синдирган.

Мазкур факт жиноятларнинг ягона реестрига «Бебошлик» моддаси билан рўйхатга олиниб, тергов амаллари бормоқда. Шунингдек, гумондор милициянинг тергов хизматига олиб келиниб, суриштирув ишлари бормоқда. Тегишли суд-тиббий экспертизалар тайинланди.

Бундан ташқари, муассасадан жабрланувчи олдин ҳам ариза ёзганини тасдиқлаб, бу бўйича судгача тергов иши тугатилиб, судга оширилганини қўшимча қилишди.

Аёлларга нисбатан зўравонлик

Миллий статистика қўмитаси билдиришича, оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2019 йили кризис марказларига, хайрия ва жамоатчилик фондларига ва оқсоқоллар судига умумий 7 818 киши мурожаат қилган, уларнинг орасидан 85%и — аёллардир. Мурожаат қилганларнинг кўпи кризис марказларига тўғри келган — у ерга ёрдам сўраб 6 687 киши борган.

ИИВнинг статистикасига кўра, 2020 йили оилавий зўравонликнинг 9 025 ҳолати аниқланган. Шу билан бирга яқинлари ва қариндошларининг қўлида жабрланганлар босим, таҳдид ва бошқа сабаблардан милицияга мурожаат қилмайди.

Миллий статкомнинг маълумоти бўйича, оилавий зўравонликдан жабрланганларнинг учдан бири 18-34 ёшдаги аёллар, кризис марказларига ёрдам сўраб кўпроқ шу ёшдагилар мурожаат қилган. Бу ёшдан катталар кризис марказларига кўп боришмайди.