Ўшда «Сапат» лицейининг ота-оналар қўмитаси Орхан Инандини топишни талаб қилишди

215
Сурат: «Турмуш» нашри

2 июнда Ўш шаҳрида «Сапат» турк лицейида ўқиган ўқувчиларнинг ота-оналари матбуот анжумани ўтказиб, президент Садир Жапаровга ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишди.

Ота-оналардан бири Тургунбай Алдакуловнинг айтишича, қирғиз маориф тизимига катта ҳисса қўшган Орхан Инанди топилиб, уни ўғирлаган кишилар жавобгарликка тортилиши керак. 

«Биз бу ерга минглаган ота-оналар номидан вакил қатори келдик. Ҳурматли президент Садир Нуркожоевич, Орхан Инандини қароқчилар қўлидан қутқариб беришингизни сўраймиз ва талаб қиламиз. Халқаро майдонга чиққан энг яхши ўқувчиларнинг ота-оналари қатори хавотирланиб сизга мурожаат қиляпмиз», — деди Алдакулов.

Бундан ташқари, у матбуот анжуманига келган ота-оналарнинг номидан икки талаб билан келишганини билдирди — ҳукумат Орхан Инандини омон-эсон топиш ва «Сапат» лицейини сиёсатга аралаштирмаслик».

Бунгача «халқаро даражадаги таълим муассасаларини қуриб, очиб беряпсизлар» деб олқишлаб, қалпоқ кийдириб, ҳурмат кўрсатдик. Бугунги кунда эса қайси давлатнинг ички сиёсатида бўлган босим ортидан қуруқ туҳматлар қўя бошлашди. Бу биз учун аҳамиятли эмас, ҳар бир ўлка ўз сиёсатини ўз юртида юритиши керак», — деб таъкидлашди ота-оналар.

Матбуот анжуманида ота-оналар билан келган «Сапат» лицейининг ўқитувчиси Айнура Нурматова МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевга ҳам мурожаат қилди. У Орхан Инандининг Қирғизистондаги болаларни сифатли билим олишида ўрни бор деб таъкидлади.

«Биз Қирғизистоннинг эркин ва оддий фуқаролари қатори давлат раҳбарига «агар топилмаса шундай қадамга борамиз» деб шарт қўйишдан узоқмиз. Биз фақат умид қилиб келдик, қолганини худога солдик. Орхан Инандини ўғирлаб кетганларга «қароқчилар» дейишдан бошқа сифат беролмаймиз», — дейишди ота-оналар. 

Орхан Инандини топилиши талаб қилган акциялар 

Бунга қадар Бишкек шаҳрида икки кун кетма-кет Сапат» билим бериш муассасаси ва «Ала-Тоо» халқаро университетга асос солган Орхан Инандининг топилишини талаб қилган акциялар ўтган.

Мазкур акциялар Қирғизистондаги Туркия элчилиги олдида бўлган. Шундай норозилик акциялари 3 июнда ҳукумат уйи олдида ҳам давом этмоқда. 

Орхан Инанди 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси номаълум кишилар томонидан ўғирлангани айтилмоқда. Бишкек шаҳридаги Октябрь туман ички ишлар бўлими ҳозирча Инандининг қаерда экани ва уни кимлар ўғирлаб кетгани номаълум эканини билдирган. Шунингдек, уни қидириш учун махсус гуруҳ тузилганини маълум қилган.

Орхан Инанди Туркияда туғилган. 2016 йили Туркия ҳукумати диний уламо Фетхуллах Гуленга тегишли деб ҳисобланган «Себат» билим бериш муассасасининг ишини тўхтатишни Қирғизистондан талаб қилган. 

2017 йили Қирғизистонда 1992 йилдан бери фаолият юритаётган «Себат» билим бериш муассасалари ҳукумат қарори билан «Сапат» бўлиб ўзгарган. Ўша йили турк ҳукумати «Сапат»нинг ўқувчиларига Туркия ҳудудига киришни тақиқлаши мумкинлигини билдирган. Бу билдирувни таълим вазирлиги «қирғиз ҳукуматига нисбатан босим» деб сифатлаган.