Баткен вилоятининг Самарқандек қишлоғида яшаган 5 ёшли Белек Каландаров бошидан теккан ўқдан вафот этди. Ўқ унинг 14 ёшли қўшниси томонидан отилган. Ўсмирга нисбатан «Одам ўлдириш» моддаси билан судгача текширув очилди. Унинг отаси қуролдан ноқонуний фойдаланишда айбланмоқда.
Воқеа тафсилотлари
Воқеа 15-майда Самарқандек қишлоғининг Андиген яйловида бўлган.
Ёш боланинг отаси Тилек Каландаров «Турмуш» нашрининг мухбирига Белекни ота-онаси 15-майда тушдан кейин тополмай қолганини айтган. У 10:30лар атрофида онасидан 14 ёшли қўшниси Арген билан ўйнаб келишни сўраб, уйдан чиққан бўйича қайтмаган.
Кейин Каландаров мол боқишдан келиб, уйида овқатланаётганда Арген телефон қувватловчи восита сўраб келган. Каландаров ўша вақтда «Аргеннинг қўли қалтириб, аҳволи бошқача эди» дейди.
«Мен қувватлагични Аргенга бераётганимда унинг қўли қалтираб, аҳволи бошқача эди. Кейин аёлим унга қараб “Белек сен билан ўйнайман деб кетган эди, Белек қани?” деб сўради. Бироқ у “мен билан бормади” деб жавоб берди. Мен аёлимга “Белекни қўшнилардан сўрачи, бувиси кутиб, йўл қараб кетгандир” деб ўзим ҳам ўғлимни излай бошладим», — деди Каландаров.
Кейин у қўшнисининг уйига бориб, ундан ўғлини қидиришга ёрдам беришни сўраган. Қўшниси иккига бўлиниб излашни таклиф қилиб, Каландаровни Бел участкасига юбориб, ўзи сой томонга кетган.
Каландаров тоғда ўғлини излаб юрган вақтда унга куёви қўнғироқ қилиб, Белек топилганини айтган. Бироқ у уйига келган вақтда ўғлини онаси қўшнисининг машинасида Самарқандек қишлоғидани касалхонага олиб кетган.
«Қўшнимга телефон қилиб “ўғлимга нима бўлибди” деб сўрасам, “сабр қиласан энди, тошга йиқилган шекилли» деди. Кейин мен Самаркандекка касалхонага борсам, боламнинг боши тешилиб, қонга бўялган экан. Мен тош тегибди деб ўйладим. Ота-онам “суд-тиббий экспертизага бермайлик, кутилмаган ҳодиса бўлибди” дейишти», — деди Каландаров.
Бироқ Аргенни уларнинг уйига келгандаги аҳволи ва унинг отаси Белекни сойдан ўзи топиб келгани Каландаровда шубҳа яратган. Шу сабаб у суд-тиббий экспертизага беришни маъқул кўрган. 16-майда чиққан эскпертизанинг хулосасида Белек бошига теккан ўқдан ўлгани аниқланган.
«Терговчилар тоққа келиб, қўшнимни сўроқ қилди. Арген Белекни қандай ўлдирганини милиция ходимларига айтиб берди. У ўғлимни қурол билан уйининг ёнидаги сойга бошлаб бориб, бошига отиб ўлдириб, пастга кўтариб тушиб, тиконлар орасига яшириш қўйибди. Белекни ҳаммамиз излаб тоғ томонга кетганда, қўшним “бошига тош тегибди, йиқилган шекилли” деб жасадни кўтариб чиқиб, онамга берибди», — деди ота.
«Милтиқ сандиқнинг устидаги тўшаклар орасида бўлган»
Қамоққа олинган 42 ёшли Бактияр қурол отасига тегишли эканини айтиб, унинг тегишли ҳужжатлари йўқлигини «Турмуш» нашрига тасдиқлади. Унинг айтишича, у қуролни яйловга қашқирлардан ҳимояланиш учун олиб келган.
«Қуролни ҳеч ким билмас эди, фойдаланган эмасмиз. Ўтганда қирғиз-тожик урушида бекитилган жойидан олиб чиққанман. Шу бўйича яйловга олиб келдим. Уни тунда ўқлаб, кундузи ўқларини олиб қўярдим. Сабаби қашқирлар тунда келади. Милтиқ яйловдаги уйда сандиқнинг устига йиғилган тўшаклар орасида эди», — деди у.
Шунингдек, Бактияр воқеа бўлган куни Самарқандек қишлоғига кетганини айтиб, кенжа ўғли Арген уйда ёлғиз қолганини қўшимча қилган. Белек ўша куни Арген билан ўйнаш учун уларнинг уйига келиб, милтиқни кўриб қолиб, зағизғон отиб келишни айтибди деди.
«Кейин менинг ўғлимга “юринг зағизғон отамиз” дебди. Иккиси милтиқни олиб сой томонга тушибди. Кейин милтиқдан ўқ чиқиб кетиб, Белекнинг чаккасига тегибди. Мен қўшним қидиришвор дегандан сўнг сой томонга тушиб, бола ётганини кўрдим. Бориб кўтарсам қотиб қолибди. Бақириб сойдан кўтариб чиқдим. Кейин Белекнинг бувиси билан касалхонага олиб бордик», — деган Бактияр.
Ота-болага жиноий иш қўзғалди
«14 ёшдаги ўсмир “ТОЗ-8” русумидаги ўқ отувчи қурол билан болани отган. У воқеа жойда ҳалок бўлган. Ўқ отувчи қурол Самарқандек қишлоғининг 42 ёшдаги турғунига [14 ёшдаги ўсмирнинг отасига — ред.] тегишли экани аниқланиб, қурол ноқонуний ва тегишли ҳужжатларсиз бўлган», — деб билдиришти Баткен ВИИБидан.
Мазкур факт жиноятларнинг ягона реестрига «Одам ўлдириш» моддаси билан рўйхатга олиниб, судгача текширув иши бормоқда. 42 ёшдаги турғун 16-майда ўқ отувчи қуролни қоидага мувофиқ сақламагани, бефарқ муносабатда бўлгани ва ёш болалар ета оладиган жойга қуролланган ҳолда қўйгани учун вақтинча сақлаш жойига киритилган.
18-майда Баткен туман суди гумондорнинг эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, уй қамоғига чиқарди. Бироқ бундан жабрланувнинг яқинлари норози бўлишган ва Баткен туман прокуратураси вилоят судига гумондорни қамоққа олишни илтимос қилган.
1-июнда Баткен вилоят суди 42 ёшдаги турғунни икки ойга тергов қамоғига киритиш қарорини қабул қилди. Унга «Қуролни, ўқ-дориларни ноқонуний айлантирш» моддаси билан айб қўйилади демоқда.