Молдовановкадаги колониядан қочишга ҳаракат қилган икки кишининг бирига ўқ тегиб ҳалок бўлди

311

Чуй вилоятининг Молдовановка қишлоғида жойлашган №27 колониядан қочишга ҳаракат қилган икки одамнинг бири ҳалок бўлиб, иккинчиси қўлга тушди. Бу ҳақда «Клооп»га Жазони ижро этиш давлат хизматининг матбуот бўлими бош мутахассиси Элеонора Сабатарова билдирди.

«25 майдан 26 майга ўтар кечаси жазо муддатини ўтаётган 1963 йили ва 1999 йили туғилган икки киши тўсиқдан сакраб, қочишга ҳаракат қилган. Колонияни назорат қилган ҳарбий хизматчилар дастлаб огоҳлантириш мақсадида осмонга ўқ отган. Бироқ икки қочоқ бунга бўйсунмагани сабаб ўқ отиш давом этиб, қочиб кетаётганларнинг бири ҳалок бўлган ва иккинчиси қўлга олинган», — деди у.

Сабатарова бу воқеани тезкор тергов гуруҳи текшира бошлаганини билдирди. Мазкур факт Жиноятларнинг ягона реестрига рўйхатга олинган.

Қамоқдан қочишга ҳаракат қилган икки жиноятчи одам ўлдириш, вояга етмаганларни зўрлаш каби оғир жиноятларда айбланиб, ўн йилдан 21 йилгача судланган.

Молдовановка қишлоғидаги №27 колонияда оғир жиноят қилган ва террорчиликда айбланган жиноятчилар жазо муддатини ўтайди.

2015 йили Қуйи Наврўз қишлоғидаги ахлоқ тузатиш қамоғидан тўққиз жиноятчи қочиб кетган. Улар қамоқхонанинг уч ходимини ўлдириб, яна бирини оғир яралашган. Қочоқларнинг олтитаси қўлга олиниб, қўлга олинганларнинг учтаси кўп ўтмай номаълум сабабдан қамоқда вафот этган.

Қочиб кетган уч киши махсус қўлга олиш операцияси вақтида вафот этган. Милициянинг версияси бўйича, улар қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов