«Кыргыз темир жолу»нинг экс-директори Дашковнинг ўғли қўлга олинди. У фирибгарликда умонланмоқда

265
Василий ва Даниил Дашковлар

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 20 майда «Кыргыз темир жолу» давлат ишхонасидан 500 млн сомдан ортиқ маблағ ноқонуний чиқарилганини маълум қилган. Ҳозирда бу маълумотга алоқаси бор деб беш киши қўлга олинди.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, «Кыргыз темир жолу»нинг раҳбарияти 2020 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг апрель ойигача «Атом Групп» ва «Генезис Плюс» компанияларига 500 млн сомдан ортиқ маблағ ўтказган. Бу пуллар товар-материал юкларни етказиш учун ўтказилган, бироқ давлат ишхонаси мазкур компаниялар билан ҳеч қандай шартнома тузган эмас.

Бу иш асосида махсус хизмат томонидан 18 майда «Кыргыз темир жолу»нинг молия бўлими раҳбари Бакит Кулматов, «Атом Групп» МЧЖ етакчиси Анвар Ахмеджанов, «Генезис Плюс» МЧЖ директори Гурезали Мирзомудинов, ишхонанинг собиқ раҳбари Василий Дашков ва унинг ўғли Даниил Дашков ушланган.

Даниил Дашков «Фирибгарликда» гумон қилинаётгани ҳақида айтилган. Биринчи май туман суди уни зарарни тўлаш шарти билан уй қамоғига чиқарди — Дашков 18 июнгача зарарни тўлаши керак.

ОАВ аввалроқ махсус хизмат Василий Дашковни «Коррупцияга» гумон қилиб қўлга олганини маълум қилган, бироқ МХДҚ бу маълумотни рад этди. Эртаси куни 19 майда, Биринчи май туман суди Василий Дашковни 18 июлгача уй қамоғига чиқарган.

Василий Дашков ҳақида журналистик суриштирув

Василий Дашков — собиқ милиционер. Темир йўл тармоғига 2006 йили келган. 2020 йилнинг январигача «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг кўприк қуриш билан шуғулланган «Кўприкчилар отрядини» бошқариб келган. Кейин мазкур ишхонанинг етакчисини ўринбосари бўлиб тайинланиб, 2020 йилнинг апрелидан бошлаб муассасани бошқара бошлаган.

Суриштирувчи журналист Али Токтакунов ва фактчекер Болот Темиров «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг етакчиси Василий Дашковга тегишли фирмалар у бошқарган ишхонадан пулларни қандай легаллаштиргани ҳақидаги суриштирувни чиқарган.

Суриштирувда Дашковга алоқаси бор уч фирма «Кыргыз темир жолу»дан икки йилда 176 млн сомлик тендер ютиб олгани ошкор қилинган.

Шундан сўнг у «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг раҳбарлик хизматидан бўшатилган. Тегишли буйруққа премьер-министр Улукбека Марипов 25 мартда қўл қўйган.

Унинг ўрнига 8 апрелда давлат ишхонасининг етакчиси бўлиб Адилбек Адранов тайинланган.

«Кыргыз темир жолу» ишхонасининг бунгача қўлга олинган етакчилари

МХДҚ ўтган йилнинг 15 июнида «Кыргыз темир жолу»нинг Дашковгача бўлган раҳбари Канатбек Абдикеримовни «йирик миқдордаги фирибгарликда» гумон қилиб ушлаган.

МХДҚнинг маълумоти бўйича, давлат ишхонасининг масъул ходимлари коррупция схемани ташкил қилиб, бу орқали давлат сотиб олишлари юқори нархларда олиб борилган, ишхонанинг собиқ етакчиси тузилган шартноманинг суммасини 8%дан 15%гача бўлган қисмини олиб турган.

Бундан ташқари, махсус хизмат томонидан «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг жанубий бўлими раҳбари Бахтияр Юнусов 2020 йилнинг 14 декабрида қўлга олинган. Кейинчалик у давлатга келтирган 11,7 млн сом зарарни тўлаган. Юнусов вақтинча сақлаш жойидан чиқарилиб, уй қамоғига чиққан. У ўзига қўйилган айбларнинг ҳаммасини тан олган.

Шунингдек, МХДҚ 2021 йилнинг 9 январида «Кыргыз темир жолу» давлат ишхонасининг раҳбариятидан 250 миң доллар талаб қилди деган гумон билан фаол Мелис Аспековни ва тадбиркор Улан Жураевни қўлга олган.

10 январда Биринчи май туман суди Аспеков билан Жураевни икки ойга, аниқроғи 9 мартгача МХДҚнинг ТИЗОсида қолдириш қарорини чиқарган. 26 январда Улан Жураев уй қамоғига чиқарилгани маълум бўлди. Аспеков ҳамон қамоқда. У яқинда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровга сайлов учун 10 млн доллар берганини айтган. Бироқ буни президентнинг матбуот котиби инкор қилиб, Жээнбеков фаолни судга беришини билдирган.