Тенгиз Бўлтурук «Қумтўр Голд»нинг ташқи бошқарувчиси бўлиб тайинланди

273
Тенгиз Бўлтурук

Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов 17 майда «Қумтўр Голд Компани» ишхонасига Тенгиз Бўлтурукни четдан бошқарувчи қилиб тайинлади. Бу ҳақда «Акчабар» нашри ёзди.

Бўлтурукнинг бу лавозимга номзодини Давлат мулкни бошқариш фонди таклиф қилгани маълум қилинди.

Жогорку Кенешнинг депутатлари 17 майдаги навбатдан ташқари йиғинида «Қумтўр Голд Компани»га четдан бошқаришни киритиш қарорини маъқуллаган. Бу қарор олтин қазувчи компаниянинг раҳбарияти экология зарарларини бартараф қилиш бўйича чоралар кўрмаётгани сабаб қабул қилинди.

Қумтўр Голд Компани»га четдан бошқарувни киритишга имкон берган қонун лойиҳаси 6 майда Жогорку Кенеш томонидан маъқулланиб, президент Садир Жапаров 14 майда қўл қўйган.

Шунингдек, парламент Қумтўр конини ишлатган компаниянинг фаолиятини текширган давлат комиссиясининг муддатини уч ойга узайтиришга ҳам розилик берди.

Бўлтурук «Қумтўр Голд» ишхонасини уч ой бошқаради. Унинг тасарруфига компаниянинг молия ва маъмурий-хўжалик фаолития ҳам ўтказилган. «Қумтўр Голд Компани»нинг директорлар кенгаши ёки ҳиссадорларни умумий йиғилиши унинг фаолиятига аралаша олмайди.

Тенгиз Бўлтурук ким?

Бўлтурук Иссиқкўл вилоятининг Туп қишлоғида туғилган. У Москвада «фойдали конларни бойитиш» мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, 1980 йиллар охирида Россиянинг узоқ шарқида ишлаган. 1990 йили у Қирғизистонга қайтиб, Айдаркен, Солтон-Сари ва Қумтўр конларида ишлаган.

1998 йили Бўлтурук мутахассислиги бўйича Германияда аспирантурага топшириб, 2002 йили тамомлаган. Ўша йили у Канадага миграцияга кетган. Бўлтурук канадалик муҳандисларнинг лицензиясига эга бўлган.

«Ҳа, менда қўш фуқаролик бор. Мен Қирғизистон фуқаросиман, ўзимни паспортимни кўрсатай — бу қонуний [...] Охирги олти ойда мен Centerra Gold Inc. Акционерлик жамиятининг директорлар кенгашини 11 аъзосидан бириман. Мени Қумтўр бўйича ишга ва бошқа лойиҳаларни бошлашга ёрдам бериш учун Садир Жапаров ўтган йилнинг октябрь ойида чақирди. Мен рози бўлиб таклифни қабул қилдик», — деган Бўлтурук парламентнинг 17 майдаги йиғинида.

Шунингдек, Бўлтурук канадалик компаниядан ўз истаги билан чиқиб кетганини маълум қилди.

Парламентнинг навбатдан ташқари йиғинида депутат Улугбек Ормонов Бўлтурукдан Қирғизистоннинг дипломатик паспортини қандай олганини сўради. Бўлтурук унга паспортни президент берганини билдирди.

«Ўша вақтда пандемия эди, мен Канадага бориб юрдим. Қозоғистон, Қирғизистонга тўсқинликсиз кириб-чиқиш учун...унда октябрда пандемия кучайиб кетган, ҳозир ҳам шундай [...] президент Жапаровнинг маслаҳатчиси қатори [паспорт олдик]”, — деди Бўлтурук.

Депутат Ормонов дипломатик паспортларни беришнинг ўз қоидалари борлигини айтиб, Садир Жапаров октябрда президент бўлмаганини эслатди. Бўлтурук эса бу қарорни у «ўзим қабул қилмаганман» деб жавоб қайтарди.

«Кыргызалтын» жамоасининг шикояти

Бунгача Centerra Gold Inc. жамиятининг акцияларига эгалик қилган «Кыргызалтын» ишхонасининг жамоаси ўзини «президентнинг маслаҳатчиси» деб таништирган Тенгиз Бўлтурук ходимларни қўрқитаётганидан шикоят қилишган. Уларнинг айтишича, Бўлтурук директорлар кенгаши раиси Тилек Мамбеталиевнинг ёрдами билан «Кыргызалтын»га эгалик қилган.

Шунингдек, «Кыргызалтын»нинг жамоаси йўллаган билдирувда Бўлтурук воситачилар орқали компаниядан юз минглаган долларни чиқариб кетгани ҳақида айтилган.

«Тенгиз Бўлтурук ва у эрчитиб келган, умуман ишлаб чиқариш тармоғида ишламаган директорлар кенгашининг раиси Тилек Мамбеталиев бошчилигидаги жамоа «Кыргызалтын»нинг ходимларининг ишдан ҳайдаласан деб қўрқитишмоқда», — деб айтилади билдирувда.

Ишхона ходимлари пул чиқариб кетишда Centerra Gold ишхонасининг директорлар кенгашидаги министрлар кабинетининг вакили Нурлан Киштобаевнинг ҳам иштироки борлигини қўшимча қилган.