Куч органлари «Қумтўр Голд» ишхонасининг идораларида тинтув ўтказди — ОАВ

258
«Қумтўр Голд Компани» ишхонасининг Бишкекдаги офиси

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ва Ички ишлар вазирлигининг ходимларидан иборат тергов гуруҳи «Қумтўр Голд Компани» ишхонасининг Бишкек шаҳридаги офисида тинтув ўтказди. Бу ҳақда «Кактус» нашри ўз манбаларига таяниб билдирди.

МХДҚнинг матбуот хизматидан «Клооп»га ишхонанинг офисида тергов ҳаракатлари олиб борилганини тасдиқлашди. Компания эса изоҳ беришдан бош тортди.

Бундан ташқари, «24.kg» нашри тергов Иссиқкўл вилоятининг Жети-Ўгуз туманидаги Қумтўр олтин конида ҳам тинтув ўтказганини маълум қилди.

«Қумтўр Голд Компани»га сиртдан бошқаришни киритиш

Президент Садир Жапаров 14 майда «Акционерлик жамиятлари ҳақидаги» қонунга ва Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасига қўл қўйди. Бу ўзгаришлар кон қазувчи компанияларга тегишли бўлади: агар компания раҳбарияти маҳаллий турғунларнинг ҳаётига, соғлиғига ва экологияга хавф солиб, бироқ уларни бартараф қилиш чораларини кўрмаса — Министрлар кабинети компанияга сиртдан бошқарувни кирита олади.

Аниқроғи, конни ишлатган ҳиссадорлик жамиятининг раҳбарлиги компанияни бошқаришдан четлатилиб, ишхона Министрлар кабинети томонидан тайинланган одамнинг (ёки юридик шахснинг) бошқарувига ўтказилади.

Қонунларга ўзгартириш киритишни таклиф қилган депутат Акилбек Жапаров Қирғизистондаги биргина шундай компания борлигини таъкидлаган — у «Қумтўр Голд Компани». Бу ўзгаришлар Акилбек Жапаров бошқарган давлат комиссияси «Қумтўр Голд Компани» олтин қазувчи компаниянинг фаолиятини текшириб чиққандан кейин қабул қилинди.

Бишкекнинг Октябрь туман суди 7 майда олтин ишлаб чиқарган «Қумтўр Голд» ишхонасидан давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундириб олиш қарорини чиқарган. Бунга тўрт фуқаро ва Қумтўр конини ишлатишда Давидов ва Лисий музликларига коннинг қолдиқларини тўплашни ноқонуний деб топишни талаб қилиб судга мурожаат қилиш асос бўлган.

Суд даъво аризаси билан мурожаат қилган даъвогарларнинг иккиси одамни гаровга олиш иши бўйича айбланувчи қатори ўтишган — бу ишда президент Садир Жапаров ҳам фигурант бўлган.

Кейинчалик Акилбек Жапаров бошқарган комиссия Қумтўр конини ишлатган Centerra Gold акционерлик жамиятидан («Қумтўр Голд»нинг асосий компанияси) 4,2 млрд доллардан ортиқ маблағ ундиришни таклиф қилган. Унинг орасидан 3 млрд 86 млн доллар экологик зарар учун, 1 млрд 166,5 млн доллар солиқ ва жарималарга. Агар ишхона бу пулларни тўлай олмаса, унда унинг мулклари — унинг ичидаги олтин кони Қирғизистонга ўтказилади.

Шунингдек, Акилбек Жапаровнинг айтишича, Centerra Gold компаниясининг манфаатини ҳимоя қилган юристлар агар Қирғизистон ҳукумати 45 кун давомида музокарага бормаса, компания шартнома бузилди деб Арбитраж судига бериши ҳақида огоҳлантирган. Ўз навбатида Жапаров қирғиз ҳукумати олтин қазувчи компания билан судлашишга тайёрланаётганини билдирган.

Халқаро суддаги текширув ярим йилдан ўн йилгача давом этиши мумкинлиги сабаб Акилбек Жапаров шу йилнинг май ойидан бошлаб ишлаб чиқарилган олтинни Қирғизистонда қолдиришни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Иссиқкўл вилоят ички ишлар бошқармаси «Қумтўр Голд» компаниясининг раҳбарларини Қумтўр конида одам ўлимига боғлиқ воқеа сабаб сўроққа чақирган. Бироқ улар чет ўлкага чиқиб кетишган.

Қумтўр Қирғизистондаги энг йирик олтин кони — унинг майдони 26,3 минг гектарни ташкил қилади. Конни 1992 йилдан бери канадалик Centerra Gold Inc. Компанияси ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади. Компания атрофида бўлаётган охирги воқеалар сабаб унинг акциялари 30%га арзонлаб кетган.

Қумтўр фаолиятини текширган давлат комиссиянинг 14 майдаги йиғини ёпиқ ўтган. Шу куни Бишкекнинг Октябрь туман суди «Қумтўр Голд Компанини» яна 2,1 млрд сом тўлишини маълум қилди — бу компаниянинг суғурта тўловлари бўйича қарзларининг миқдори.

Шунингдек, парламентда Қумтўр атрофидаги масалалар 17 майда ҳам муҳокама қилинади. Депутат Дастан Бекешевнинг айтишича, навбатдан ташқарига йиғинда президент Садир Жапаров фикр билдиради.