Фаол Мелис Аспековнинг фейсбук саҳифасида унинг МХДҚ ТИЗОсидан 12 майда ёзган хати эълон қилинди. Унда Аспеков давлат раҳбари Садир Жапаров собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ва депутат Асилбек Жээнбековдан ўзининг сайлов кампаниясига 10 млн доллар олганини билдирган.
Фаолнинг ўзи пора талаб қилишда гумон қилиниб беш ойдан бери МХДҚнинг тергов қамоғида сақланмоқда. Бунгача фейсбукда Аспековни қийноқларга учраётгани ҳақида маълумот тарқалган эди. Унда МХДҚнинг коррупцияга қарши курашиш хизматининг етакчиси Бекбосун Апсатаровнинг топшириғи билан сиёсатчи Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма олиш учун бўлаётганини хабар қилинган.
“«Ишонмаган одам турмаса пулнинг тайинини топмай қоламиз, керакли овоз олмасак, мен президент бўлмай қолсам — бизни қамайди. Биз биринчи турда ютиб чиқишимиз керак» деб [Садир Жапаров] топшириқ берди. Мен рози бўлиб, дарров штаб очиб, керакли ходимларни ёллаб, офисга компьютер олиб, ҳар бир туманга координаторларни тайинлаб, минглаган агитаторларни танлаб (рўйхати бор), қисқаси сайлов бошланишига тўлиқ тайёргарлик кўрилди», — деб айтилади хатда.
Аспековнинг фейсбугидаги хат билан бирга Жапаровнинг сайлов штабида ишлаган дейилган тўққиз координаторнинг паспортларининг нусхалари билан сайловга боғлиқ пул олгани ҳақидаги тилхат қўйилган. Улар «штабнинг фаолиятига» Аспековдан 500дан 162 минг долларгача пул олгани ҳақида тилхат ёзишган. Координаторлар 545 600 доллар олинганини тасдиқлашган.
*Аспеков ўтган йилнинг ноябрь ойида президентликка номзодлигини қўйган Садир Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича штабини бошқаришини айтган. Бироқ Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мошин МСКга мурожаат қилиб, Аспеков штабга расмий ва юридик томондан ҳам алоқаси йўқлигини билдирган. Бироқ Аспеков Садир Жапаровнинг ташвиқот ишларига қатнашиб турган.
Аспековнинг айтишича, Чуй вилоятидаги ташвиқот ишларига берилган 1 млн доллар расмий ҳисоботларда кўрсатилган эмас. Фаол Жапаровдан бу пулнинг келиб чиқишини сўраганда, у Жээнбековлар сайловга 10 млн доллар берганини айтган деб ёзган.
“«Мен сайловга Жээнбековлардан 10 млн доллар олдим» деб очиқ айтди уялмай. «Уларни қама дейишни тўхтат, улардан бошқа ким берарди?» деб яна мендан сўрайди. «7 вилоятга 1 млн доллар кетди, Иссиқкўлга 2 млн доллар бердим, ўзимни еримдан оз овоз олсам уят» бўлишини айтди. «Бишкек билан Ўшга 1 млн доллар бердим» деди. «Шундай ҳаром Жээнбековларнинг пулига президент бўлмай қўйсанг бўларди» десам, «сен нимани биласан» деб мендан қоча бошлади. Сайловга аралашганимга жуда ачиндим», — деган Аспеков.
*Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотига кўра, Жапаров президентлик сайловига 67 млн сом сарфлаган.
Шунингдек, Аспеков Жапаров қочқин президент Курманбек Бакиевнинг «қўйган шартларига бўйсуниб, улардан ҳам маблағ олди» деган маълумотларни эшитганини қўшимча қилган. Унинг айтишича, икки томон келишиб, собиқ депутат Искандер Гайпкуловни президент аппаратига тайинлаган.
*Гайпкулов 8 февралда президентлик аппаратининг стратегик ривожлантириш, иқтисод ва молия сиёсати бўлимининг раҳбари этиб тайинланган. Бунга қадар у «Ата Мекен» фракциясидан Жогорку Кенешга депутат бўлган.
«Хафа бўлганим: Садир Жапаровнинг хўжайинлари кўпайиб кетди. Мен борини айтдим, халқ ҳар доим ҳақиқатни билиши керак. Давоми бўлади», — деб сўзини тугатган Аспеков.
«Клооп»нинг журналистлари Аспековнинг оқловчиси Назира Абишкаева билан боғланишга ҳаракат қилишди. Бироқ қўнғироқларга жавоб бермади. Шунингдек, президентнинг матбуот котиби Галина Байтерекдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Аспековнинг қўлга олиниши
Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори Мелис Аспеков ва «Ата Мекен» партиясидан номзод бўлган Улан Жураев 9 январда «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг раҳбарларидан 250 минг доллар талаб қилишда гумон қилиниб қамалган. Тергов версияси бўйича, гумондорлар «молия полицияси ишхонани текширади ва раҳбариятига қарши митинг уюштирилади» деб қўрқитган.
Жапаров президентлик сайловида овоз бериб чиқиб, Аспеков ҳақида «ким бўлмасин [қилган ишлари учун] жавоб бериши керак» деган изоҳ берган.
Кўп ўтмай ОАВда Аспеков молия полициянинг раиси Сиймик Жапикеевга 50 минг доллар берган деб кўрсатма берганини ёзишган. Бироқ МХДҚ ва Аспековнинг оқловчиси бу маълумотни инкор қилган. Жапикеев Аспеков билан «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» билдирган.
26 январда Улан Жураев тергов билан ҳамкорликка рози бўлиб, уй қамоғига чиқарилган. Аспеков март ойида МХДҚнинг коррупцияга қарши хизматининг ходимлари томонидан қийноққа учраганини билдирган.
Аспековнинг айтишича, бу ҳаракатлар хизматнинг етакчиси Бекбосун Апсатаровнинг буйруғи билан Сиймик Жапикеевга қарши «ёлғон кўрсатма олиш учун» қилинган.
Жапикеев ўтган йилнинг октябрь ойида ҳукумат алмашгандан кейин Молия полициясининг раиси бўлиб тайинланган, бироқ муассаса Садир Жапаров президент бўлиб, янги ҳукумат тузилгандан кейин тарқатилган. Кейинчалик у Иссиқкўл вилоятининг прокурори бўлиб тайинланган. Бироқ бир ой ўтмай хизматдан кетиш ҳақида ариза ёзган.
Жапикеев ишдан кетишидан олдин президент Садир Жапаровнинг ҳукуматни танқид қилиб, «президентнинг йўл қўйган хатолари кўплигини» билдирган. Жапикеев президентнинг коронавирусни «заҳарли қўрғошин» билан даволаш таклифини ўзгача танқид қилган.