МХДҚ раиси Камчибек Ташиев sayasat.kg нашрига Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида тузилган шартномалар бўйича изоҳ берди. Бунгача икки давлатнинг ҳукумат делегациялари чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича биргаликдаги шартномани имзолашган.
1-майда ўтган сўзлашувда ҳукумат делегациясини икки давлатнинг МХДҚ раҳбарлари Камчибек Ташиев ва Саймумин Ятимов бошқарган.
Ташиев нима деди?
МХДҚ раҳбари №43 чегарадан №61 чегарагача ва №135 чегарадан №141гача бўлган чегарани аниқлашда 1924-1927-йиллардаги ҳужжатлар ва миллий ҳудудий демаркациянинг материаллари, 1989-йилги паритетик комиссиянинг ҳужжатлари ва материаллари фойдаланилишини тасдиқлаган.
«Яна бир марта такрорлайман, бу йиллардаги хариталар [1924-1927 ва 1989] №43дан №61гача ва №135дан №141гача бўлган участкаларни аниқлашда фойдаланилади. Буни Ворух* анклавига алоқаси йўқ», — деди Ташиев.
*№ 43 ва № 61 участкалари Лайлак тумани ҳудудида жойлашган. Чегаранинг №135дан №141гача участкалари Баткен туманининг Қорабоғ қишлоқ ҳукуматидан ўрин олган.
Ташиевнинг айтишича, Ворухга* коридор берилмайди.
Ворух — Баткен вилоятидаги Тожикистоннинг анклави. Бу ерда 130 кв километрда 35 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Икки ўлканинг ҳукумати СССР тарқалгандан кейин ўнлаб йиллар ўтса ҳам чегарасини аниқламай келади. Шу сабаб анклав атрофида чегарага боғлиқ можаролар бўлади.
«Тожикистон фуқаролари учун Баткен туманининг Қапчиғай қишлоғини шарқий томонидаги йўлдан фойдаланилади*. Йўл Баткен туманининг назоратида экани ҳужжатда кўрсатилган. Унинг мақоми алоҳида давлатлар аро шартнома билан аниқланади», — деб билдирди МХДҚ раҳбари.
*Қирғизистон билан Тожикистон Ворух анклавига олиб борувчи муқобил йўл қуриш бўйича шартномани тузган. Маълумотга кўра, мазкур йўл Исфара туманини Хожа Аъло қишлоғи билан Ворух анклавини боғлайди. Айланма йўл Қапчиғай (Танги) аҳоли пунктининг шарқий томони орқали ўтиши айтилган. Янги йўл Тожикистон билан Қирғизистон ҳисобидан қурилади. Тожик томон фойдаланади ва ўзи таъмирлайди.
Ташиев йўл анклав атрофидаги чегара делимитация ва демаркациядан ўтгандан кейин фойдаланишга топширилишини билдирди. Унинг айтишича, Ворух бўйича алоҳида сўзлашув бўлади ва чегаранинг бошқа ҳудудлари икки давлатнинг келишуви асосида аниқланади.
«Шу сабаб сабрли бўлиб, аниқланмаган маълумот эълон қилмасак. Бизга бошқа мамлакатнинг бир метр ерини ҳам кераги йўқ, бироқ биз ҳам бир метр еримизни бермаймиз. Давлат раҳбарлари, биз ҳаммамиз шу позицияда бўламиз ва охиригача турамиз», — деб таъкидлаган Ташиев.
Аниқланмаган чегара ва можаролар
Чегаранинг баҳсли ҳудудлари чегарадаги қишлоқлардаги битмас жанжалнинг сабабчиси бўлади — ер талаш, сув талаш, давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш. Охирги марта чегарада 28-апрелда отишув бўлган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро 28-апрелда бошланган. Унда икки давлатнинг 100-150га яқин фуқароси бир-бирига тош отишган. Кейин бу ўқ отишларга айланган. Жанжал «Головной» сув тақсимлагичига тожик томон видео кузатув камера ўрнатишидан бошланган.
29-апрелда вазият кескинлашиб, икки давлатнинг ҳарбийлари қуролдан фойдалана бошлаган. Икки давлат ҳукумати бир неча марта отишувни тўхтатиб, ҳарбийларни чиқариб кетишга келишган, бироқ ваъдалар бузилган. 1-майдаги сўзлашувлардан кейин томонлар отишувни тўхтатиб, ҳарбийларни ортга қайтаришга келишишган.
3-майда икки томон қўшимча кучларни ва воситаларни давлат чегара ҳудудидан доимий жойлаштирилган ерга чиқаришган.
Сўнгги маълумот бўйича, отишув оқибатида Қирғизистоннинг 36 фуқароси ҳалок бўлган. Уларнинг орасида 4 яшар бола ва 12 ёшдаги қиз бор. Умумий 189 одам яраланган.
Тожикистон ҳукумати ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотни 6-майда эълон қилган. Унга кўра, қуролли тўқнашув натижасида 19 одам қурбон бўлиб, 87 тожикистонлик яраланган.