Баткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасидаги отишувдан жабрланган объектлар ва турар-жойларга келтирилган зарарни ҳисоблаш бўйича комиссия ўз ишини бошлади. Бу ҳақда 3 майда Транспорт, архитектура, қурилиш ва коммуникация вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.
Комиссия вилоятнинг Баткен ва Лайлак туманларида иш олиб боради. Уни транспорт вазирининг ўринбосари Уланбек Калманбетов бошқаради.
«Комиссия аэрофото ва видеога олувчи аппарат ёрдами билан маълумот йиғади, шунингдек объектларни қайта тиклаш учун лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлайди», — деб билдиришди муассасадан.
ФҲМнинг 3 майдаги маълумотига кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги отишувдан Лайлак туманида 48 уй, бир чегара бўлими, 10 ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ва 8 дўкон вайрон бўлган.
Баткен туманида 30 уй, икки мактаб, бир бола боғча, бир тиббий муассаса, милиция биноси ва икки чегара бекати бузилган. Баткен вилояти бўйича умумий 78 уй яроқсиз бўлган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотида 3 майда соат 11:00га чегарадаги отишувдан 34 қирғизистонлик ҳалок бўлган. 183 киши яраланган бўлса, уларнинг орасида 24 ҳарбий ходим ва 75 фуқаро бор.
Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегарасидаги отишув 28 апрелда, икки томон яшовчиларининг бир-бирига тош отишидан бошланган. 29 апрелда икки давлатнинг ҳарбийлари қуролдан фойдаланишган: миномет, автомат ва пулемётлар.
Томонлар 29 апрель куни кечга яқин қуролдан фойдаланишни тўхтатишга келишишган.
Қирғизистоннинг чегара хизматини маълумотига кўра, чегарадаги жанжал «Головной» сув тақсимлаш жойидан тожик фуқаролари шағал ортиб кетишга ҳаракат қилган ҳамда ҳеч қандай шартнома тузмасдан сус тақсимлаш пунктига кузатув камера ўрнатишдан келиб чиққан.
Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Ўмурбек Суваналиевнинг айтишича, Соғди вилоятининг губернатори жанжалга сабаб бўлган камераларни олиб ташлашга ваъда берган, бироқ Исфара туманининг ҳокими раҳбариятнинг буйруғига бўйсунмаган.
Тожикистон чегара хизматининг маълумотига кўра, отишув 28 апрелда «Баткен вилоятининг раҳбари Акилбек Оразов бошчилигидаги Қирғиз Республикасининг фуқароларини ташаббуси билан» бўлган. Муассаса билдиришича, гидротехника қурилиши 1968 — йили қурилган ва тўлиқ Тожикистон ҳудудида жойлашган.