Қирғиз-тожик чегарасидан эвакуация бўлганлар мактабларга жойлаштирилмоқда

381

Баткен вилоятининг мухтор вакиллиги билан вилоят ФҲВ қирғиз-тожик чегарасидаги низо бўлган ҳудуддан маҳаллий турғунлар эвакуация қилинганини маълум қилишди.

Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллигининг маълумоти бўйича, Лайлак туманидан хавфсиз ҳудудга 13,5 одам, Баткен вилоятидан Баткен шаҳрига 7 093 одам кўчирилган.

Эвакуация қилинганларга маҳаллий фуқаровий ҳимоя хизмати гуманитар ёрдам кўрсатишмоқда. Улар кўпроқ мактаб биноларига жойлаштирилган.

Сурат: ФҲВ

ФҲВ берган маълумотга кўра, Баткен вилоятининг Кўктерак туманида 17 уй тўлиқ куйиб кетган. Бундан ташқари, Оқсой қишлоғида жойлашган Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг тўрт қутқарув бўлими ҳам ёнғинда жабрланган.

Лайлак туманининг Қулунди қишлоғида — 2 уй, Мақсат қишлоғида — 10 уй куйган. Бундан ташқари мазкур тумандаги бир мактаб ёқиб юборилган.

Баткен вилоятидаги 9 уй, 10 ёқилғи қуйиш бекати, 2 тўйхона, 8 дўкон ва бир REMI* казиноси билан чегара пости ёқилган.

* Қирғизистонда 2012 йилнинг 1 январь ойидан бери қиморхоналарнинг фаолияти қонуний тақиқланган. 2015 йили эса тотализаторлар ва букмекер офисларининг иши тўхтатилган.

Чегарадаги можаро

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро 28 апрелда бошланган. Шунда икки давлатнинг 100-150 фуқароси бир-бирига тош отишган. Бунинг оқибатида ўнлаган одамлар жароҳатланган. Қирғизистоннинг чегара хизмати бунга Тожикистоннинг фуқаролари Оқсув дарёсидан 3-4 метр узоқликдаги шартли чегарадан шағал ортиб кетишга ҳаракат қилгани ва «Головной»* сув тақсимлаш жойидаги симёғочларга келишувсиз кузатув камераларини ўрнатгани сабаб бўлганини билдирган.

*«Головной» Тўрткўл сув омборининг юқори қисмида жойлашган. Сув омбори Баткен вилояти ҳудудига 1972 йили қурилган. Унинг ҳажми 90 млн кубни ташкил қилади ва узунлиги 5 км. Мазкур сув омбори Баткен туманидаги ва Баткен шаҳридаги 11 минг гектардан ортиқ ҳайдов ерларини сув билан таъминлайди. 1991 йилдаги Қирғизистон ва Тожикистон билан сув бўлиштириш келишувига кўра, Тўрткўл каналининг сувини 37%ни Қирғизистон, 63%ни Тожикистон фойдаланади.

29 апрелда низо кескин тус солган — чегарадош ҳудудларда миномёт, пулемёт ва автоматлардан фойдаланилган. Икки давлатнинг чегарачилари бир-бирини низо бошланишида айблашган.

Икки ўлканинг ташқи ишлар вазирлари 29 апрелда соат 20:00дан бошлаб қирғиз-тожик чегарасидаги отишувни тўлиқ тўхтатишга ва ҳарбий кучларни аввалги жойига олиб кетишга келишишган.

Бироқ ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллиги 30 апрелда Лайлак туманида отишув давом этаётганини билдирган.

Жабрланганлар

30 апрелда соат 7:50га олинган маълумотлар бўйича 13 қирғизистонлик ҳалок бўлган. Уларнинг орасида 2008 йили туғилган қизча ҳам бор.

Вазирликнинг маълумотига кўра, жабрланганлар сони 134 кишига етган. 25 киши махсус борт билан Баткендан Бишкекка етказилган.

Жабрланганларнинг иккисини аҳволи оғир. Қолганлариники эса ўрта оғир ва қониқарли.

Жабрланганлар тожик томондан ҳам бор. «Азия-Плюс» нашри шахсий манбаларга таяниб, 90дан ортиқ жабрланувчи борлигини ва 10 киши ҳалок бўлганини ёзган.