Ўзган: 17 ёшдаги қизини «зўрлашда» гумонланган шахс қўйиб юборилди, аммо терговга кели туриши шарт

316

Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Қўшқўрғон қишлоғида 17 ёшдаги турғун ўз отаси томонидан «зўрланганини» айтиб милицияга ариза ёзган. Бироқ суд-тиббий экспертиза зўрлаш фактини тасдиқламаган. Шу сабаб гумондор сўроққа келиб туриш мажбурияти билан қўйиб юборилган.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, туман экспертизаси ўсмирнинг қизлик белгиси бузилмаганини аниқлаган. Бироқ терговчи такрорий суд-тиббий экспертиза тайинлаган. Уни Ўш вилоят суд-тиббий экспертиза маркази ўтказади.

«Ифлос ҳаракатлар бўлиши мумкин деган гумон билан шу куни кийган кийимларини, ётган тўшакларида суюқликлар борми-йўқми — шу бўйича ҳам биологик экспертиза тайинланган. Уларнинг натижаси шу ҳафтада чиқиб қолса керак», — деди Аширбаев.

Ўсмир қизни зўрлангани ҳақида милицияга унинг холаси 19 апрелда маълум қилган. Қизнинг онаси Россияда муҳожирликда.

Жабрланувчи томоннинг кўрсатмаларини рост-ёлғонлигини билиш учун суд—психологик экспертиза тайинланди. Аширбаев ҳозирча қизнинг отасини қамашга асос йўқ бўлгани учун, унга сўроққа келиб туриш мажбурияти қўйилиб, қўйиб юборилганини билдирди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Жинсий зўравонлик ҳаракатлари» моддаси билан терговни бошлаган. Жабрланувчи қиз эса сўроқ вақтида унинг эркига қарши, қаршилик кўрсатишига қарамай отаси у билан жинсий алоқада бўлганини айтган. Бироқ отаси бу айбни рад этган.

ИИВнинг матбуот хизмати йил бошида билдиришича, Қирғизистондаги жинсий зўравонликдан жабрланган болаларнинг 80% қариндошлари ёки танишларидан жабр кўришган. Шунингдек, вазирлик ёш болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш ўз уйида ёки меҳмонга борганда бўлишини таъкидлаган.

Агар сиз зўравонликка дуч келсангиз қуйидаги рақамларга мурожаат қилинг, сизга ёрдам беришади: 102 — милиция хизмати; 112 — хизмати; 111 — болалар учун ишонч телефони.