Қорасув: Рўмол можаросини милиция эмас, вазирлик ўрганадиган бўлди

285
28 апрель, Ленин мактаби. Сурат: Хамидулло Узаков/Kloop.kg

Ижтимоий тармоқларда 26 апрель куни Қорасув шаҳридаги №66 Ленин мактабида рўмоллик қизларни ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида видео тарқалди. Уни рўмол ўраган қизларга нисбатан дискриминацияни ёритиб келган Абдусомад Кошмаматов ютуб каналига жойлаган.

Олдин лавҳада ҳуқуқ ҳимоячиси Кубанич Бакиров мактаб биносининг тўсиқлари ортидаги бир неча милиционерга қўриқчилар уни мактабга киритмаётгани ҳақида шикоят қилган.

«Бу жамоат жойику. Куч ишлатиб қувиб чиқди. Бу ерда бир неча қонун бузилди. Мен ариза ёзаман, қоровулни ҳам олиб бориб бизни сўроқ қилинглар, илтимос», — деган у.

Бироқ милиция бирор бир чора кўрмаган. Кейинчалик ўқувчиларнинг бири келиб, мактабга рўмолини ечиб кирган. Бу кўриниш фаолни норози қилиб, милиционерларга «қизнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишингиз керак эди» деган.

Мазкур видео тарқагандан кейин ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бундай ҳолда ўқувчи қизлар стрессга учраётганини билдириб норози бўлишган.

Ўш ВИИБнинг матбуот котиби Жениш Аширбаев видео 23 апрелда олинганини айтди. Мактабдаги «рўмол ўраш ёки ўрамаслик тартибига милиция аралаша олмаслигини» билдирди.

«Ҳар бир мактабда рўмол масаласини ота-оналар мажлисда ҳал қилишлари керак [...] Шунингдек, рўмол ўраб, қулоғига қулоқчин тақиб дарсга қулоқ солмаганлар ҳам бўлган. Шу томонларини ҳам ҳисобга олиш керак. Шу сабаб бу ҳолатга мактаб жамоаси билан ота-оналар баҳо бериши керак. Биз аралаша олмаймиз», — деди Аширбаев.

Мактаб директори нима деди?

27 апрель куни ўзини мактаб директори Буажар Калбаеванинг адвокатиман деб таништирган Талант Жумаев «Клооп»га рўмол «анчадан бери» тақиқланганини билдирди. У буни ҳукумат мактабларидаги ягона форма ҳақида чиққан №572 қарорига асослади.

«Рўмол ўрасин деган қонун йўқ бўлса, биз нимага ўратишимиз керак? Эртага яна бири юбкасиз келса унда нима қиламиз? Бинони ичига кирганда этика бўйича бош кийимни ечиш керак», — деди Жумаев.

Бироқ адвокат келтирган №572 қарорда бош кийим кийиш ёки киймаслик ҳақида маълум бир талаб ёзилган эмас. Калбаева билан боғланганимизда у изоҳ беришдан бош тортган.

Шу сабаб «Клооп»нинг журналистлари 28 апрелда Ленин мактабига боришди. Унда рўмол ўранган ўқувчилар мактабга тўсқинликсиз кириб-чиқишаётганига гувоҳ бўлишди.

Мактабнинг қўриқчилари бинога журналистларни ҳам киритишмаган. Мактаб маъмуриятидан бирор кишини чақириб беришни сўрашганда, директор йўқлигини айтишди. Бироқ директор бир неча соатдан кейин чиқиб журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Калбаева ўқувчиларга оқ рангли рўмол ўрашга рухсат берилганини айтиб, рўмолликларни мактабга киритмаяпти деган маълумотни инкор қилди. Унинг айтишича, 5 апрелда ота-оналар келиб илтимос қилгани учун оқ рўмол ўрашга рухсат берилган.

«Ҳижоб эмас оқ рўмолни ўраб юришади. Бизда 23 ўранган қиз бор. Уларга рухсат берилган. Ҳозир мактабга келишяпти. Бола эканда, хоҳлаганлари ечиб киришяпти, хоҳлаганлари ўраб ўтиришибди. Оқ рўмол ўрашга рухсат, лента, устидан шапка кийишга [рухсат] йўқ», — деди у.

«Т-Медиа» нашри видеода рўмолини ечиб мактабга кирган қиздан интервью олди. Унда ўқувчи рўмолини ўз истаги билан ечиб, мактаб уставига бўйсунганини таъкидлаган.

«Энди буйруқ келди деб айтишди. Рўмол билан мактабга кирсак бўлар экан», — деган у.

Вазирлик воқеани текширади

Таълим вазирлигининг матбуот котиби Самат Тоялиев мактаб ўқувчиларига рўмол ўраб мактабга боришга ҳеч қандай чеклов йўқлигини айтди. Шунингдек мазкур воқеа бўйича текширув бораётганини билдирди.

«Биз ўзимизнинг компетенциямиз асосида бу воқеани текширяпмиз. Муҳими бу вақтгача ҳам мактаб ўқувчиларининг бош кийим кийишига ҳеч қандай тақиқ бўлмайди деб айтганмиз», — деди Тоялиев.

Мазкур инцидент бўйича парламентнинг 28 апрелдаги йиғинида ҳам масала кўтарилиб, тегишли қўмитада қараладиган бўлди.

Қирғизистонда ўқувчиларнинг рўмолига боғлиқ тушунмовчиликлар биринчи марта бўлмаяпти. Таълим вазирлиги шу йилнинг 26 январида ўқувчиларнинг бош кийим кийиб келишига тақиқ йўқлигини билдириб, таълим муассасалари учун махсус тушунтириш эълон қилинган.