Бишкекнинг санитар-эпидемиология назорат бошқармаси муфтиятга жума намози, ҳайит намози ва даъватларни тўхтатишни таклиф қилди. Маълумотни «Клооп»га Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг матбуот котиби Максат Атабаев тасдиқлади.
«Таклиф кеча кечга яқин келган. Ҳозир кўриб чиқилмоқда. Бироқ бир нарсани айтиб қўйиш керак: муфтият масжидларда ифтор ўтказмаган. Кафе-ресторанларда ўтаётганига биз жавоб бермаймиз. Масжидларда рамазон бошлангандан бери ўлкадаги эпидемиологик ҳолат ҳисобга олиниб, ифторлик ўтказилмаган», — деди Атабаев.
Матбуот котиби жума намозлари олдин ҳам масофани сақлаш билан ўқилаётганини қўшимча қилди. ҚМДБ Бишкекнинг санэпидназоратининг таклифи бўйича яқин орада қарор қабул қилишини билдирди.
Қирғизистонга рамазон 13 апрелда бошланган, 13 майда ўлкадаги мусулмонлар ҳайит намозини ўқишади. Одатда ҳайит намози майдонларда ўқилиб, унга йиғилганлар сони бир неча мингга етади. Ўтган йили муфтият COVID-19ни тарқалишини олдини олиш мақсадида майдонлар ва масжидларда намоз ўқишни тақиқлаган эди.
Охирги суткада ўлкада коронавируснинг 272 янги ҳолати аниқланди, унинг 148и Бишкек шаҳрида. Қирғизистонда COVID-19 юқтирганларнинг умумий сони 93 278га етди — уларнинг орасидан 87 717 бемор соғайиб, 1 573 киши вафот этди.